Фан-техника | 13:13 / 15.05.2021
48533
3 дақиқада ўқилади

Хитой илк марта Марсга ўз аппаратини қўндирди

Хитой совет иттифоқи ва АҚШдан сўнг қизил сайёрага марсоход қўндирган учинчи мамлакатга айланди.

Марсдан суратлар ҳали етиб келганича йўқ, бу – «Тяньвэнь-1» модели

Хитойнинг «Тяньвэнь-1» («Самога саволлар») марсоходи Марс юзасига муваффақиятли қўнди.

«15 май куни “Тяньвэнь-1” аппарати Хитойнинг Марсни тадқиқ қилиш бўйича биринчи миссияси доирасида Марснинг Утопия текислиги жанубидаги олдиндан режалаштирилган жойга муваффақиятли қўнишни амалга оширди», – дея Хитой Миллий космик бошқармаси ахборотини келтирмоқда Синьхуа агентлиги.

Космик аппарат ўтган йил июлида Хитой жанубидаги Хайнань оролидан учирилганди. У феврал ойи охирида Марс орбитасига кирган. Шундан сўнг икки ой давомида қўниш учун мос келадиган жой қидирган; шунингдек, сайёра юзасини суратга олган.

Миссиянинг асосий мақсади – Марсда ҳаёт бўлиши мумкинлиги эҳтимолларини текшириш. Шу билан бирга, аппарат тўплаган маълумотлар олимларга бу сайёрадаги шарт-шароит келгусида одамлар яшаши учун қулай бўлиши мумкин ёки йўқлигини ўрганишда қўл келади.

Маълум қилинишича, марсоход Пекин вақти билан 15 май соат 01:00да (Тошкент вақти билан 14 май соат 22:00да) Марс орбитасидаги жойидан йўлга чиққан. Орадан уч соат ўтиб аппарат орбитал модулидан ажралиб, уч соатдан сўнг Марс атмосферасига кирган. Шундан сўнг 9 дақиқа ичида тезлик билан пастлашиб, Тошкент вақти билан соат 4:18да муваффақиятли қўнган.

240 кг тош босувчи марсоход қуёш энергияси билан ишлайди. Унга суратга олиш, навигация, тупроқ намуналарини таҳлил қилиш, сув ва муз излашга мўлжалланган қисмлар бириктирилган. Миссия камида 90 сутка давом этиши кутилмоқда.

НАСА ва Роскосмос Хитойни ушбу муваффақияти билан табриклади.

Қизил планетага илк марсоход 1971 йилда совет иттифоқи томонидан қўндирилган. «Марс-3» аппарати ўзга сайёрага қўнгач, ишлаш режимига ўтган ва Ерга видеосигнал юбора бошлаган, бироқ алоқа 20 сониядан сўнг узилиб қолган.

1976 йилда эса АҚШ олимлари томонидан «Viking-1» ва «Viking-2» космик аппаратлари Марсга қўндирилиб, илк марта муваффақиятли миссия бажарган. Европа космий агентлигининг иккита марсоходи қизил сайёрага қўниш чоғида портлаб кетган.

Эслатиб ўтамиз, Хитой ўтган йили Ойга робот учириб, 2 кг.га яқин Ой тупроғини Ерга олиб тушганди.

Мавзуга оид