Ўзбекистон | 13:57 / 16.05.2021
16484
1 дақиқада ўқилади

Ботаника боғида номаълум сабабларга кўра ёнғин содир бўлди

Бугун, 16 май куни соат 11:55да Тошкент шаҳар Юнусобод туманида жойлашган Ботаника боғи ҳудудида ёнғин рўй берди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборотига кўра, боғнинг орқа томонида, очиқ майдонда қуриган хас-хашак ва буталган шох-шаббалар ёнган.

«Қутқарувчиларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида ёнғин ўз вақтида ўраб олиниб, боғ ҳудудига ўтишининг олди олинди.

Ёнғиндан жабрланганлар йўқ. Боғнинг ўрмон фондига зарар етмаган.

Ҳолатнинг келиб чиқиш сабаблари аниқланмоқда», – дейилади ФВВ ахборотида.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати
Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълумот учун, Тошкент Ботаника боғи – Марказий Осиёдаги энг йирик боғ. 58 гектарлик боғ 1950 йилда ташкил этилган. Боғнинг коллекция ҳисобида 6 мингга яқин ўсимликлар бор.

Аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтдаги ўндан ортиқ боғ ва хиёбонлар қаторида Ботаника боғи ҳам реконструкция қилинишини маълум қилганди. Kun.uz ҳокимлик таклиф этаётган реконструкция лойиҳасини эълон қилганди.

Мавзуга оид