Жамият | 18:48 / 21.05.2021
6152
2 дақиқада ўқилади

Aмударёдаги оммавий муштлашувга нима сабаб бўлгани маълум бўлди

Aмударёдаги Манғит деҳқон бозори қаршисида оммавий муштлашув бўлгани ҳақида бироз олдин хабар берган эдик. Амударё тумани ҳокимлигининг ахборот хизмати юқоридаги ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Қайд этилишича, 18 май куни соат 18:00лар атрофида Амударё тумани Ички ишлар бўлимига Манғит шаҳридаги Манғит деҳқон бозори олдида – Маданият кўчаси бўйидаги йўлда жанжал бўлаётганлиги тўғрисидаги хабар келиб тушган.

Маълум бўлишича, бозорда савдо-сотиқ ишлари билан шуғулланувчи фуқаро Ю.А. билан мижоз А.Қ.лар ўртасида олди-сотди масаласида ўзаро келишмовчилик келиб чиққан. Кейинчалик ушбу жанжалга мижоз А.Қ.нинг ўғиллари Т.С. ва Т.Н. аралашиб, ўртадаги келишмовчилик катталашиб, жанжал иштирокчилари йўл бўйига чиқиб кетгани аниқланган.

Амударё тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси инспекторлари томонидан жанжал вақтида тўхтатилиб, жанжалда иштирок қилган фуқароларга тушунтириш ишлари олиб борилган.

Ҳодиса натижасида ҳеч ким тан жароҳати олмаган ва жабрланмаган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Қонликўлда маст эркак танишини уриб ўлдирганди. Aввалроқ эса Хўжайлида 5 киши бир-бири билан муштлашгани акс этган видео тарқалганди.

Мавзуга оид