Янгийўл судида бир неча маҳбус ўзларига тан жароҳати етказгани акс этган видеолар тарқалди. Уларнинг бири Муродбой экани маълум бўлди
Ижтимоий тармоқларда суд залидаги судланувчилар кабинасида ўтирган 4 нафар эркакнинг билак томирлари кесилгани, кабина ойнаси ва деворларига қон билан турли ёзувлар ёзилгани акс этган видеолар тарқалди.
Видеоларга илова қилинган изоҳларда айтилишича, ушбу ҳодиса чинозлик Аҳмадбойнинг ёрдамчиларидан бўлган ва халқ орасида Муродбой номи билан танилган Мирзамурод Юнусалиев ва унинг жиноий шерикларига нисбатан навбатдаги жиноят иши доирасида бўлиб ўтаётган суд жараёнида содир бўлган.
Гумонланувчиларнинг билаклари нима учун ва ким томонидан кесилгани ҳозирча номаълум. Бироқ телеграмдаги каналлардан бирида тарқалган видеоларда судланувчилар ва уларнинг яқин қариндошлари Муродбой ва шерикларини қўлга олиш чоғида топилган 3 кг олтин, 6 миллиард сўм пул ва қимматбаҳо машиналарни орган ходимлари олиб кетганини иддао қилишган.
Kun.uz’нинг суд тизимида фаолият юритувчи манбаси берган маълумотга кўра, ушбу ҳодиса кеча, 25 май куни жиноят ишлари бўйича Янгийўл туман суди биносида юз берган. Олий суд раисининг матбуот котиби Азиз Обидов Kun.uz мухбирининг қўнғироқларига жавоб бермади.
Тошкент вилоят судининг жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик бўйича бош консультанти Шерзод Худойбердиев рўй берган воқеа юзасидан расмий муносабат тайёрланаётгани, унда гумонланувчилар нима сабабдан бу ишга қўл уришгани, шунингдек, ўткир тиғли жисмлар уларга қандай бориб қолганига ойдинлик киритилишини маълум қилди.
Ички ишлар вазирлиги жиноят ишлари бўйича Янгийўл шаҳар судида судланувчиларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан расмий муносабат билдирди.
«Жорий йилнинг 25 май куни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва бошқа моддаларида кўрсатилган жиноятларни содир этгани учун озодликдан маҳрум этилган ва айни вақтда 1-сон Тергов ҳибсхонасида сақланаётган маҳбуслар;
М.Юнусалиев (1984 й.т., 9 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган ва 27.04.2019 йилдан қамоқда),
Ғ.Муроджонов (1987 й.т. 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган ва 27.04.2019 йилдан қамоқда),
А.Қудратов (1980 й.т., 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган ва 07.10.2019 йилдан қамоқда),
Э.Шарипов (1987 й.т., 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган ва 07.10.2019 йилдан қамоқда),
С.Юлчиев (1989 й.т., 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган ва 07.10.2019 йилдан қамоқда) Жиноят ишлари бўйича Янгийўл шаҳар судининг 2021 йил 25 май кунидаги сўровномасига асосан бошқа жиноят иши бўйича ЖИБ Янгийўл шаҳар судига юборилган.
Суд жараёни давомида соат 15:30 ларда, М.Юнусалиев, Ғ.Муроджонов ва А.Қудратов суд томонидан қўйилган айбловлардан норозиликларини билдириб, қўлларидаги лезвия бўлаклари билан чап қўл билак қисмига тан жароҳат етказиб, турли ноўрин талабларни қўйиб, ИИО ходимларининг қонуний талабларини бажармаган», дейилади маълумотда.
Маҳбуслар соат 20:00ларда 1-сон Тергов ҳибсхонасига олиб бориб топширилган.
2020 йил августида «Муродбой иши» бўйича Мирзамурод Юнусалиев ва унинг жиноий шерикларига нисбатан суд ҳукми ўқилган эди.
Тергов ҳаракатлари давомида М.Юнусалиев 2016 йил январь ойида «ERKIN AVTO DILLER» номли МЧЖ замирида «молиявий пирамида» ташкил этиб, бу ишга ўзининг ўнга яқин жиноий шерикларини жалб қилгани, улар ёрдамида 6636та ҳолатда 4000 нафарга яқин фуқаронинг 26 млн 870 минг 51 АҚШ доллари ва 18 миллиард сўм миқдордаги пул ва бошқа мол-мулкларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган.
Жиноят иши бўйича қарийб 8 миллиард сўмлик 18та кўчмас мулк объектлари (уй, чойхона, дўкон биноси, нотурар бино ва иншоотлар) хатланган. Фуқароларга тегишли 85та енгил автомашиналар ашёвий далил тариқасида олинган. Ушбу автомашиналарнинг барчаси белгиланган тартибда баҳоланиб, ўз эгаларига қайтарилган.
Мавзуга оид
16:16 / 29.05.2021
Конвойда олиб келинган Муродбой ва шериклари лезвияни қаердан олишган?
19:18 / 26.05.2021
Муродбой ва унинг шериклари судда бош вазир ва бош прокурор иштирок этишини талаб қилган — Олий суд
16:33 / 27.08.2020
«Муродбой иши» бўйича суд ҳукми эълон қилинди
20:18 / 02.01.2020