Навоийда содир бўлган ЙТҲда йўлда маст ҳолда ётган шахс вафот этди
Навоий вилояти Навбаҳор туманида маст ҳолда йўлнинг қатнов қисмида ётган шахсни машина уриб юборган. Оқибатда у оғир тан жароҳатлари олиб вафот этган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, жорий йил 26 май куни соат 04:30ларда давлат аҳамиятига эга бўлган 4Р48 «Зарафшон тракти» автомобиль йўлининг Навбаҳор тумани ҳудудидан ўтган қисмида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган. Қалқон–Учтут йўналишида ҳаракатланиб келган 1987 йилда туғилган ҳайдовчи ўз бошқарувидаги Нексия машинасида йўлнинг қатнов қисмида ётган, 1984 йилда туғилган шахсни босиб кетган. Оқибатда у оғир тан жароҳатлари олиб вафот этган.
Қайд этилишича, марҳум маст ҳолда бўлган ва йўлнинг қатнов қисмида ухлаб ётган. Шунингдек, мазкур йўл сифати ҳам талаб даражасида эмаслиги аниқланган.
Таъкидланишича, ҳодиса юзасидан Навбаҳор тумани ИИБ ЙҲХБ томонидан суриштирув олиб борилмоқда.