Жамият | 16:20 / 31.05.2021
9419
8 дақиқада ўқилади

Йилда икки бора қабул, 24/7 дўконлар ва ўзбекча ўйлаб, корейсча гапириш “завқи”

UzbekLife чет элдаги ватандошлар билан интервьюларни давом эттиради. Навбатдаги суҳбатдошимиз Шоҳруҳ Салимов Қашқадарё вилоятида туғилган. Тошкент давлат шарқшунослик университетининг “Жаҳон сиёсати” йўналишини тамомлаган.

Ҳозирда Жанубий Кореянинг Сунмун университетида “Халқаро муносабатлар” мутахассислиги бўйича таҳсил олади.

Бир ўқ билан икки қуён

Бакалавр босқичини Тошкент давлат шарқшунослик университетида ўқиганман. 4 йил давомида сиёсий назария, сиёсий анализ, сиёсий технологиялар, халқаро муносабатлар ва дипломатик этикет, протокол, геосиёсат каби фанларни ўқиб, ўргандим. Ушбу йўналиш фақатгина Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Тошкент давлат шарқшунослик университетида мавжуд эди.

Шарқшунослик университетида нафақат камёб йўналишлар, балки шарқ тилларидан бирини ўрганиш имконияти бўлгани сабабли, мазкур олийгоҳни танлаганман. Аниқроғи, “Жаҳон сиёсати” йўналишининг инглиз-араб гуруҳида таълим олиб, ушбу тилларни  ҳам ўзлаштирдим. 4 йиллик таълимга асосланиб шуни айтишим мумкинки, Шарқшунослик университети базаси анчагина кучли ва тажрибали профессор-ўқитувчиларга бой.

Ўзбек тилида ўйлаб, корейс тилида бемалол гапира оласиз

Аслида, Корея Республикасида ўқишни давом эттиришимга бир дўстим сабабчи бўлган. Бу таклиф биринчи ундан чиқди ва биз хориждаги университетлар, уларнинг маданияти, халқаро рейтинги, шарт-шароитлари ҳақида маълумот қидира бошладик ва якунда Корея биз учун энг мақбул мамлакат, деган қарорга келдик.

Биринчидан, корейс тилини ўзбеклар бошқа тилларга нисбатан осонроқ ўзлаштира оладилар. Чунки сўз тузилиши деярли бир хил. Инглиз тилидан фарқли ўлароқ, сиз ўзбек тилида ўйлаб, корейс тилида бемалол гапира оласиз. Бу эса тил курсида ўқишга келаётган ўзбеклар учун айни муддао.

Иккинчидан, Корея Республикаси сўнгги 10 йилда улкан ривожланишга эришди. Албатта, бу таълим соҳасига ҳам тааллуқли. Профессорларнинг катта қисми АҚШ, Австралия ва Европа мамалакатларида таълим олиб қайтишган. Адабиётлар ҳам Ўзбекистондагидан фарқ қилади. Бу эса сизнинг таҳлилий қобилиятларингизни синаб олишингиз учун яхши имконият. Айниқса, бизнинг соҳада.

Учинчидан, IT соҳаси анча ривожланганлиги сабабли, талабаларнинг амалий машғулотлари учун барча шароитлар бор. Шунингдек, бошқа йўналиш талабалари ҳам, агарда қизиқиши бўлса, ушбу фанларни ихтиёрий равишда ўзлаштириши мумкин.

Тўртинчидан, тўлов суммаси масаласи. Тўғри, бошида тўлов миқдори қимматдек туюлиши табиий. Аммо баҳоингизга қараб, 50 фоизгача чегирма (табиийки, университет низомига асосан) олишингиз мумкин. Бундан ташқари, университетнинг турли лойиҳаларида қатнашиб, юз фоизгача чегирма олиш имконияти ҳам бор.

Бундан ташқари, бу ерда ҳар қандай вазиятда сиздан ёрдамини, маслаҳатини аямайдиган ўзбеклар етарлича. Ошпаз, юрист, дўкончи, таржимон, банк ходими, доктор, иммиграция ходими, хуллас, ҳар ерда юртдошларнинг борлиги сизга катта имкониятлар эшигини очади.

Қабул йилда 2 марта: ёз ва қишда бўлиб ўтади

Ҳозирда магистратура босқичида ўқиётганим сабабли, асосан, магистратура ҳақида гапирсам. Бу ерда фанлар ихтиёрий, 1 семестр давомида 3 тагача фан олишингиз мумкин.

1 йилда 2 семестр, семестр 3 ярим ой давом этади. Ўқиш куз ва баҳор ойларида бўлиб ўтади, шунинг учун қабул ҳам йилда 2 марта ёз ва қишда бўлади. Хорижликлар учун асосий талаб бу ‒ тил сертификатлари IELTS ёки TOPIC.

Менга қизиқ туюлган жиҳат бу, профессор ва талабалар учун маълум бир қоидаларнинг йўқлиги. Яъни профессор сиз билан худди дўстдек муносабатда бўлади, сизнинг фикрингизни эшитади, ўзаро дўстона муносабатни яратишга ҳаракат қилади. Лекин бу ҳеч қачон баҳога таъсир қилмайди. Таълим тизимида тартибнинг борлигини энг катта ютуқ деб биламан.

Ҳар бири ўз дастурига эга

Яна шуни қайд этиб ўтиш жоизки, ҳар бир университет ўзининг мобил дастурига эга.

Талабалар бўш вақтларини ОТМда ўтказиб, билимларини ошириш имкониятига эгалар. Мобил дастур орқали эса сиз учун керак бўладиган барча маълумотларни олишингиз мумкин.

Ўзбекистондаги олий ўқув юртлари ўқув дастурлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланса, Кореяда университетлар ўзи лозим топган адабиётлардан фойдаланиб, дастур тузишади. Ҳар бир университет ўзининг обрўси учун ҳаракат қилади.

МДҲ давлатларидан келган инсонлар яшайдиган маҳаллалар бор

Ҳозирда Чеонан шаҳрида истиқомат қиламан, университет эса Асан шаҳрида. Масофа узоқ эмас, 7 км. атрофида.

Очиғи Чеонанда яшаётганлигимнинг асосий сабабларидан бири, бу ерда талабалар учун қулайликлар кўп.

Тўғри, Кореяда барча шаҳарлар деярли бир хил. Айнан Чеонаннинг ноодатий томони МДҲ давлатларидан келган инсонлар яшайдиган маълум бир ҳудудлар (маҳаллалар) бор. У ерда рус дўконларида юртимиздан келтирилган маҳсулотларнинг деярли барчасини топа оласиз. Тўртта ўзбек ошхонаси мавжудлигини биламан. Масжидлар сонининг кўплиги ҳам кишига ҳузур бағишлайди.

Диссертацияга маълумотлар йиғяпман

Магистрлик диссертациямни «Майдан инқилобининг Украинани демократлаштириш жараёнида тутган ўрни» мавзусида олиб бормоқчиман. Ҳозирда 1 курсни тамомладим, шунинг учун шу кунларда маълумот йиғиш билан бандман. Ушбу мавзуни танлаганим сабаби, инқилобнинг Украина учун қанчалик фойдали бўлган ёки бўлмаганлигини сиёсий анализ орқали очиб бериш. Чунки ҳозирги кун постсовет давлатларида инқилобий руҳ пайдо бўлмоқда ва бу йўлни Украина 2014 йилда аллақачон босиб ўтди. Украина мисолида инқилобнинг давлатга бўлган таъсирини ёритиб бермоқчиман.

9 ой вақтим кетди

Ҳозирда TOPIC, IELTS каби халқаро сертификатларга эгаман. TOPIC ‒ бу сизнинг корейс тилини қай даражада билишингизни исботловчи халқаро сертификат.

Унда максимал балл 6 балл ҳисобланади ва мен 4 баллик даражага эканимдан фахрланаман. Рости, бунга эришиш учун 9 ой вақтим, умрим кетди.

IELTSдан эса бугунги кунда 6-даражага эгаман. Ушбу сертикатларни амал қилиш муддати мавжуд бўлгани сабабли, университетни тамомлаб, уларни янгилаб қўйишни режалаштирганман.

Бола тарбияси ‒ муҳим ҳисобланади!

Ушбу мамлакатда болалар тарбиясига алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, болалар олдида тамаки чекиш мумкин эмас. Барча мактаблар олдида автомобилда 30 км/с дан юқори тезликда юриш тақиқланади.

Барча мактаблар автобуслар билан таъминланган. 18 ёшдан кичикларга тамаки ва алкоголь маҳсулотларини сотган қаттиқ жазоланади.

Барча юрт тараққиёти учун хизмат қилади

Жанубий Кореянинг ижобий тажрибалари ҳар бир соҳада етарлича. Шу сабабли, уларнинг асосийларини санаб ўтишга ҳаракат қиламан. Ҳар бир шаҳар ҳокимияти ўз обрўси, имижи учун ишлайди. Яъни аҳолининг ишонч даражаси тушмаслиги учун ҳар бир ҳодиса юзасидан расмий баёнот берилади.

Ҳокимият қонун доирасида аҳоли манфаати учун доим хизматини аямай, аҳолидан келган барча мурожаатларни ўз вақтида ҳал қилишга астойдил уринади.

Жанубий Кореяда инфраструктура жуда яхши ривожланган. Шу сабабли мамлакат ичидаги исталган шаҳарга борсангиз, бир хил савиядаги хизматлар ва имкониятларга эга бўласиз.

24/7 дўконлар ҳар қадамда, почта хизмати аъло даражада, йўл қоидасига барча ҳайдовчи амал қилади, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун ҳам фақатгина имтиҳондан ўтиш талаб қилинади холос. Буларнинг барчаси аҳоли турмуш тарзини яхшилаш учун ҳукумат томонидан қилинган ишлардан бир шингил холос.

Назаримда, Жанубий Корея тараққиётининг асосларидан бири бу қонун устуворлиги бўлса, бири халқнинг талабчанлигидир. Ҳатто, бир нечта собиқ давлат раҳбарларининг қонуний жазо муддатини ўтаётгани ҳам, сўзимга исбот бўла олади.

Аслиддин Аннаев

суҳбатлашди

Мавзуга оид