Жамият | 09:49 / 25.06.2021
10340
2 дақиқада ўқилади

«Қора моғор» ўзбекистонликларга хавф солмаяпти – Ботир Қурбонов

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Ботир Қурбонов Ўзбекистонда аниқланган «ҳиндча» штаммни «қора моғор» касаллиги билан боғлаш нотўғри эканлигини таъкидлади.

Ботир Қурбонов «ҳиндча» штамм коронавируснинг бошқа турларидан ўзининг тез юқувчанлиги билан фарқ қилиши, аммо «қора моғор» касаллигини бу штамм билан боғлаш нотўғри эканлигини таъкидлади.

«Қора моғор» касаллиги «британча» штаммда ҳам, «уҳан» штаммида ҳам бўлиши мумкин. «Қора моғор» ўзбекистонликлар учун ҳеч қандай хавфли эмас. Чунки бу касаллик четдан келмайди. Бу даволаш воситаларининг зарарсизлантирилмаслигидан келиб чиқадиган замбуруғли касаллик ҳисобланади», деди у.

Штаб аъзоси ҳозирги вақтда коронавирусдан касалланиш ҳолатлари кўпайиши янги тўлқиндан далолат эмаслигини, касалланиш ҳолатлари бўйича рақамлар турлича бўлаётганини айтди.

«Касалликнинг кўпайиши ёки камайиши фуқароларимизнинг ўзларига боғлиқ. Кераксиз тадбирлардан воз кечиш, мажлис ва йиғилишларни камайтириш, имкон қадар тўпланишларнинг олдини олиш касалликнинг олдини олишга хизмат қилади», — дея таъкидлади у.

24 июнь куни коронавируснинг янги штамми – дастлаб ўтган йил кузида Ҳиндистонда қайд этилган «Дельта» штамми Ўзбекистонда ҳам аниқлангани ҳақида хабар берилганди. Бу штамм аввалгиларига қараганда тезроқ тарқалади ва ўлим хавфи ҳам юқори ҳисобланади.

Мавзуга оид