Жамият | 22:40 / 28.06.2021
4640
2 дақиқада ўқилади

Навоийда ухлаб қолган ҳайдовчи содир этган ЙТҲда унинг ўзи ва отаси вафот этди

Навоий вилоятида «Cobalt» ҳайдовчиси ухлаб қолиб, махсус машинага бориб урилган. Оқибатда ҳайдовчи ва унинг отаси вафот этган. Хотини эса шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 27 июнь куни соат 14:30ларда А-379 Навоий-Учқудуқ-Зарафшон халқаро автомобиль йўлининг Конимех тумани ҳудудидан ўтган 94-километрида 1966 йилда туғилган Зарафшон шаҳрида яшовчи фуқаро Ў.Қ. ўзига тегишли бўлган «Сobalt» машинаси билан йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.

У машинасини Тошкент-Зарафшон йўналиши бўйича бошқариб бораётиб, чарчоқ туфайли ухлаб қолган ва рул бошқарувини йўқотган. Натижада, рўпарадан ўз йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган Самарқанд вилоятида яшовчи 1995 йилда туғилган А.К. бошқарувида бўлган, Навоий шаҳрида жойлашган «Бережливость» МЧЖга тегишли «HOWO SINOTROC» русумли махсус (чиқинди ташувчи) машина билан тўқнашган.

Оқибатда, ҳайдовчи Ў.Қ. ва «Сobalt» олд ўриндиғида йўловчи сифатида кетаётган унинг отаси Р.Қ. оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этган. «Cobalt»нинг орқа ўриндиғида бўлган, ҳайдовчининг турмуш ўртоғи З.Ш. оғир тан жароҳатлари олиб, Конимех туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Конимех туман ИИБ томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид