Жамият | 12:26 / 30.06.2021
9316
2 дақиқада ўқилади

Андижонда 10 млрд сўмдан ортиқ қийматдаги «мато» амалиётига чек қўйилди

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Андижон вилоятида божхона тўловларини тўламаслик ёки белгиланганидан камроқ тўлаш мақсадида ҳужжатларни сохталаштириш билан боғлиқ қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди. Натижада, қиймати 10 млрд 261 млн сўмлик матолар вақтинча сақловга олинди, деб хабар қилмоқда Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, Андижон вилояти божхона бошқармаси, Коррупцияга қарши курашиш ва ўз хавфсизлик бўлимининг тезкор маълумотларига асосан, вилоятда фаолият кўрсатувчи масъулияти чекланган жамият номига хорижий мамлакатдан олиб келинган матолар божхона кўригидан ўтказилган. Текширув давомида, умумий қиймати 3 млрд 859 млн сўмлик матолар божхона тўловларини тўламаслик мақсадида ҳужжатларда кўрсатилмаганлиги маълум бўлди.

Бундан ташқари, вилоятдаги масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига хорижий мамлакатдан олиб келинган товар моддий бойликлари божхона кўригидан ўтказилганда, божхона расмийлаштируви учун тақдим этилган ҳужжатлар ходимларда шубҳа уйғотган. Ўрганишлар натижасида, декларацияда “тўқимачилик матолари” деб кўрсатилган товарлар, аслида “синтетик толалардан тайёрланган матолар” эканлиги маълум бўлди. Дастлабки хулосаларга кўра, мазкур матоларнинг қиймати 6 млрд. 412 миллион сўмни ташкил этади. Ушбу матолар ашёвий далил тариқасида вақтинча сақловга олинган.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда, дейилади хабарда. 

Мавзуга оид