Ўзбекистон | 18:46 / 06.07.2021
7118
2 дақиқада ўқилади

Аномал иссиқ туфайли Чотқол қўриқхонасидаги қарийб 1 гектар ер майдони ёниб кетди

Тошкент вилояти Паркент туманида жойлашган Чотқол қўриқхонасида аномал иссиқ туфайли ёнғин содир бўлди, дея хабар бермоқда Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати.

Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси таркибидаги Чотқол давлат биосфера қўриқхонасининг денгиз сатҳидан 1500–1700 метр баландликдаги Тераклисой ҳудудида аномал об-ҳаво таъсирида ёнғин чиққан. Бу ҳақда шу атрофда хизмат ўтаётган қўриқхона инспекторлари 2021 йил 5 июль куни ўзларидаги мавжуд алоқа воситалари орқали хабар берган.

Таъкидланишича, ёнғин ҳудуди кенгайиб кетишининг олдини олиш ва уни бутунлай ўчириш, юриш ва ҳаракатланиш қийин бўлган тоғнинг юқори қисмида ўт чиқишининг сабабларини аниқлаш мақсадида шу куннинг ўзида Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия ва Экология қўмитаси томонидан қўшма тадбир ўтказилган.

«Қарийб бир гектарни эгаллаган ёнғинда асосан, қуриган ўт-ўланлар ёнган, кўп йиллик дарахтларга зарар етишининг олди олинган. 2021 йилнинг 6 июль ҳолатига ёнғин тўлиқ ўчирилиб, қўшма тадбирда қатнашганлар орасида жароҳатланиш қайд этилмади», – дейилади хабарда.

Мавзуга оид