Виза турлари ва тўловлари — Саудия Арабистони виза тартиби ҳақида
UzbekLife дунё мамлакатлари виза тизими ҳақида маълумот беришда давом этади. Қуйидаги мақолада Саудия Арабистони визаси тўғрисида фойдали ҳамда қизиқарли маълумотларни тақдим этамиз.
Саудия Арабистонининг виза сиёсати
Саудия Арабистони нисбатан қатъий виза сиёсатини юргизади. Фақатгина бир нечта қўшни давлатлар (Баҳрайн, Кувайт, Уммон, Бирлашган Араб Амирликлари) фуқаролари мамлакатга визасиз кириш ҳуқуқига эга. Ушбу мамлакат фуқаролари фақат шахсий гувоҳномасини кўрсатиш орқали Саудия Арабистони ҳудудига кириши мумкин.
Саудия Арабистони eViza тизимини жорий этганидан сўнг қирқдан ортиқ давлат фуқаролари мамлакат визасига онлайн ариза топшириш имкониятига эга бўлди, аммо Ўзбекистон ушбу мамлакатлар қаторига кирмайди.
Шу сабабдан ҳам мамлакатимиз фуқаролари Саудия Қироллиги визасининг ҳар қандай турига ўз аризаларини фақатгина Саудия Арабистонининг Республикамиздаги расмий дипломатик ваколатхоналарида топширишлари мумкин.
Визага ариза топшириш усуллари
Саудия Арабистонига виза олиш жараёни сизнинг фуқаролигингизга боғлиқ бўлиб, қуйидаги икки усул орқали амалга оширилади:
- Онлайн тарзда ёки мамлакатга келгач виза олиш (фақат eViza олиш ҳуқуқига эга мамлакат фуқаролари);
- Мамлакатингиздаги Саудия Арабистони элчихонасига мурожаат қилиш.
Саудия Арабистони визасига Элчихона / Консулликка мурожаат қилиш
Элчихона ёки консулликка мурожаат қилганингизда, консуллик ходимларининг талабига биноан бир нечта тасдиқловчи ҳужжатларни топширишингиз керак бўлади. Баъзан визага мурожаат учун шахсан боришингизга тўғри келади, гарчи баъзи идоралар виза олиш учун аризаларни почта орқали ёки ваколатли сайёҳлик агентлиги орқали қабул қилишлари мумкин.
Тўлдирилган аризани топширгач, аризангиз кўриб чиқилишини 1-2 кун кутишингиз керак. Бу муддат маълум бир элчихона/консуллик фаолиятига қараб кўпроқ вақт талаб этиши мумкин. Аризангиз кўриб чиқилгандан сўнг, визангизни қабул соатлари давомида олсангиз бўлади.
Турли хил элчихоналар ёки консулликларнинг ўз қоидалари ва талаблари бўлиши сабабли, ҳар доим биринчи бўлиб улар билан боғланиш тавсия этилади. Учрашувни белгилаш, уларнинг иш вақти ва ўзига хос талаблари ҳақида фақатгина дипломатик ваколатхона ходимлари орқали билиб оласиз.
Саудия Арабистони визасини Элчихонада/Консулликда топширишда талаб қилинадиган ҳужжатлар
Агар сиз Саудия Арабистони элчихонаси ёки консуллигида виза олиш учун ариза топширсангиз, тақдим этишингиз керак бўлган ҳужжатлар, дипломатик ваколатхонага ва сизнинг виза олишдан мақсадингизга қараб ўзгаради. Бироқ умумий ҳужжатлар қуйидагиларни ўз ичига олади:
Саудия Арабистони визаси учун тўлдирилган ва имзоланган ариза. Одатда ушбу ариза формасини элчихона ёки консуллик идораларида ёки уларнинг веб-сайтларидан топишингиз мумкин.
Паспорт ўлчамидаги фотосурат(лар). Ушбу фотосуратларнинг ўз махсус талаблари мавжуд:
a) 2х2 дюйм ўлчамга эга бўлиши;
b) Фотосурат олинганига 6 ойдан кўп бўлмаган бўлиши;
c) Орқа фон оқ, ҳеч қандай ортиқча элементларсиз бўлиши;
d) Тўғрига қараб турган бўлишингиз ва юзингиз тўлиқ кўриниши лозим.
- Шунингдек, Саудияда яшаш муддатингиз учун етарли молиявий воситаларни тасдиқловчи ҳужжат (банк ҳисоботлари);
- Келгусида камида 6 ой давомида амал қиладиган паспорт;
- Саудия Арабистонида турар жойингизни тасдиқловчи ҳужжат (масалан, меҳмонхонани буюртма қилиш);
- Қайтиш парвозингиз чиптаси;
- Саёҳат йўналишингиз;
- Бандлигингизни тасдиқловчи ҳужжат,
Масалан:
- Иш берувчи маълумотномаси (агар сиз ишлаётган бўлсангиз);
- Тадбиркорлик фаолиятингиз давлат рўйхатидан ўтганини тасдиқловчи расмий ҳужжат;
- Таҳсил оладиган таълим даргоҳингиздан маълумотнома (агар сиз талаба бўлсангиз).
Тақдим этиладиган ҳужжатлар мамлакатга кириш учун виза турларига қараб ўзгариши мумкин.
Саудия Арабистони виза турлари
Саудия Арабистони қуйидаги мақсадлар учун мамлакатга кирмоқчи бўлган чет эл фуқароларига визалар тақдим этади:
- Туризм;
- Бизнес;
- Оилавий ташриф;
- Транзит;
- Ҳаж/Умра;
- Иш/иш билан таъминлаш;
- Ўқиш.
Саудия Арабистони туристик визаси
Саудия Арабистони учун туристик виза мамлакатга сайёҳлик мақсадида кирадиган чет элликларга берилади. Юқорида айтиб ўтилганидек, Саудия Арабистони учун сайёҳлик визаси онлайн тарзда ёки eViza олиш ҳуқуқига эга мамлакатлар фуқароларига берилади.
Мамлакатимиз фуқаролари Саудияга туристик виза олиш учун Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги элчихонасига мурожаат қилишлари керак.
Саудия Арабистони бизнес визаси
Саудия Арабистонига бизнес билан боғлиқ мақсадларда саёҳат қилаётган хорижликлар учун тақдим этилади. Ушбу визани олиш учун Саудия Арабистонининг дипломатик ваколатхонасига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишингиз керак:
- Иш берувчингиз сизнинг ушбу мамлакатга айнан бизнес мақсадида ташриф буюраётганингизни тасдиқловчи Саудия Арабистони элчихонасига мурожаат хати;
- Саудия компаниясининг таклифномаси;
- Саудия Арабистонидаги таклиф қилувчи компания ва сиз яшайдиган мамлакатда ишлаётган компания томонидан компанияни рўйхатдан ўтказиш ҳужжатлари.
Оилавий ташриф визаси
Саудия Арабистонига оилавий ташриф визаси Қиролликдаги оила аъзоларидан бириникига ташриф буюришни истаган ёки шахсий ташрифи билан мамлакатга келишни истаган чет элликларга берилади.
Барча виза турлари сингари ташриф визасини ҳам онлайн тарзда ёки элчихонага мурожаат қилиш йўли билан олиш мумкин.
Саудия Арабистони транзит визаси
Агар сиз Саудия Арабистони орқали учинчи мамлакатга йўл олсангиз, сизда Саудия Арабистони транзит визаси бўлиши шарт. Агар:
- Сиз Даммам, Жидда ёки Риёд халқаро аэропортлари орқали саёҳат қилаётган бўлсангиз;
- Сизда 12 соат ичида учинчи давлатга тасдиқланган парвоз чиптаси мавжуд бўлса;
- Сиз аэропортнинг халқаро транзит зонасидан чиқмасангиз;
- Сизда кейинги мамлакат учун керакли ҳужжатлар (масалан, виза) мавжуд бўлса, сиз транзит визани олишингиз шарт бўлмайди.
Саудия Арабистони Ҳаж/Умра визаси
Саудия Арабистони Ҳаж визаси Саудия Арабистонига Ҳаж ёки Умра амалларини бажариш учун киришни истаган дунёдаги мусулмон зиёратчиларга берилади. Ҳаж визаси Саудия Арабистонининг хориждаги элчихоналарида ёки консулликларида бепул берилади.
Саудия Арабистони Ҳаж визасини олиш учун талаблар қуйидагилардир:
- Камида олти ой амал қиладиган паспорт;
- Саудия Арабистонида турар жойни тасдиқловчи ҳужжат;
- Икки томонга парвоз чиптаси;
- Паспорт ўлчамидаги фотосурат(лар);
- 15 ёшгача бўлган болалар учун: Полиомиелит ва менингитга қарши вакцинация;
- 15 ёшдан катта болалар учун: мавсумий грипп ва менингитга қарши вакцинация.
1. Жидда шаҳридаги “Агентлар Бирлашмаси”га муқаддас жойларда турар жой, йўриқнома, транспорт ва бошқа шу каби зиёрат хизматлари учун иккита сертификатланган чек ёки касса чекларини топширишингиз керак.
2. Аёллар учун: Маҳрам билан саёҳат қилишингиз ва қариндошлигингизни тасдиқловчи ҳужжат топширишингиз зарур.
- 45 ёшдан ошган аёл, агар у уюшган гуруҳ билан саёҳат қилса ва эрининг, акасининг ёки ўғлининг маъқуллаш хатини тақдим этса, ёлғиз ўзи саёҳат қилиши мумкин.
3. Сўнгги беш йил ичида сиз Ҳаж визасини олмаган бўлишингиз лозим.
Саудия Арабистони ишчи визаси
Агар сиз Саудия Арабистонига ишлаш учун кетаётган бўлсангиз, у ҳолда Саудия Арабистони ишчи визасини (шунингдек, меҳнат визаси деб юритилади) олишингиз керак бўлади. Бироқ, бундан олдин Саудия Арабистонидаги иш берувчингиз сиз учун рухсатнома олиши керак. Ушбу жараён қуйидагича кечади:
- Сизнинг иш берувчингиз Меҳнат вазирлигига ишлаш рухсатномаси олиш учун мурожаат қилади;
- Агар ариза маъқулланса, Меҳнат вазирлиги Ташқи ишлар вазирлигига қарор тўғрисида хабар беради ва у виза учун авторизация рақамини беради;
- Шундан сўнг сиз ишчи визани олиш учун элчихона ёки консулликка мурожаат қиласиз.
Саудия Арабистони ишчи визаси талаблари муайян ҳолатга боғлиқ, аммо одатда қуйидагиларни ўз ичига олади:
- Саудия Арабистони Меҳнат вазирлиги ёки Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ишчи визаси авторизациясини тасдиқловчи ҳужжат;
- Саудия Арабистонидаги Савдо-саноат палатаси ва Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланган Саудия Арабистонидаги компаниянинг ҳомийлик хати;
- Меҳнат шартномангизнинг нусхаси;
- Юқумли касалликлар юқтирмаганлигингиз тўғрисида малакали тиббиёт ходими томонидан берилган тиббий хулоса. (Ҳисобот сўнгги 3 ой ичида чиқарилган бўлиши лозим);
- Сўнгги олти ой ичида расмийлаштирилган полиция текшируви хулосалари;
- Илмий малака ва дипломлар.
Шуни ёдда тутингки, Саудия Арабистонига ишчи визасини олиб, Қиролликка кирганингиздан сўнг, сиз Меҳнат вазирлигидан яшаш учун рухсатнома олишингиз керак.
Саудия Арабистони талаба визаси
Саудия Арабистони талаба визасини олиш учун аввал Саудия Арабистонидаги таълим муассасасига қабул қилинишингиз керак. Сўнг таълим муассасангиз Ташқи ишлар вазирлигига талабалик визангизга рухсатнома олиш учун мурожаат қилиши зарур. Агар Ташқи ишлар вазирлиги визани расмийлаштирса, қуйидаги ҳужжатларни Саудия Арабистони элчихоналари ёки консулликларидан бирига тақдим этишингиз керак:
- Ташқи ишлар вазирлигининг рухсатномасини тасдиқловчи ҳужжат (масалан, виза авторизация рақами);
- Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома;
- Ўрта мактаб дипломингиз ёки бошқа олдинги илмий малакангиз;
- Юқумли касалликлар юқтирмаганлигингиз тўғрисида малакали тиббиёт ходими томонидан берилган тиббий хулоса. Ҳисобот сўнгги 3 ой ичида чиқарилган бўлиши шарт. 16 ёшгача бўлган абитуриентлар тиббий хулосани топширишлари шарт эмас;
- Сўнгги 6 ой ичида расмийлаштирилган полиция текшируви хулосалари.
Агар сиз 18 ёшга тўлмаган бўлсангиз, ота-онангиз ёки қонуний вакилингизнинг розилиги талаб этилади.
Саудия Арабистони виза тўлови
Саудия Арабистони eViza виза тўлови 440 SAR (Saudi Arabian Riyal)ни ташкил этади (тахминан 117 АҚШ доллари), аммо виза нархи ўзгариши мумкин. Бундан ташқари, сиз амалдаги нархлар бўйича ҚҚС ҳам тўлашингиз керак.
Давлатбек Асадов тайёрлади.