Нефт – дунё қироллари учун энди тож эмасми?
Баъзи таҳлилчилар нефтни 20-асрдаги можароларнинг асосий сабабларидан бири деб ҳисоблайди. Хўш, 21-асрнинг учинчи ўн йиллигига келиб, дунёда нефтнинг статуси қандай? Араблар ҳозир ҳам дунё нефт бозорини қалқита оладими? Мавзу борасидаги саволларга “Геосиёсат” дастурида таҳлилчилар Шуҳрат Расул ва Камолиддин Раббимов жавоб беришди.
Раббимовнинг сўзларига кўра, нефтнинг стратегик товарга айланиши XX аср бошида Ғарбий Европа, АҚШ, Япония мамлакатлари шиддатли саноатлаша бошлаган даврларга бориб тақалади.
“Ўша даврда дунёдаги асосий энергетика маҳсулоти кўмир эди. Кўмирни қазиб олиш, газни эса ташиш қийин эди. Шундай пайтда дунё бозорига нефт кириб келади. Кейинги 70 йилда энг кўп сотилган маҳсулот бу – нефт. XX асрдаги энг катта компаниялар ва энг бой шахслар нефт билан боғлиқ эди. Ҳозир ҳам иқтисодиётнинг кўплаб тармоқлари нефтга боғланган. Шу сабабли ҳам дунёда қудрат масаласи айнан нефт билан боғлиқ.
АҚШ – ўтган асрда ҳам, ҳозир ҳам энг катта нефт ишлаб чиқарган ва ишлаб чиқараётган, энг кўп нефт истеъмол қилган ва истеъмол қилаётган давлат. Хитой эса нефтга бўлган эҳтиёжининг асосий қисмини импорт ҳисобидан қондиради. Бугунги кунда катта миқдорда нефт ишлаб чиқарадиган, Америка ёки Ғарбнинг назоратидан ташқарида бўлган давлатлар саноқли: Эрон, Венесуэла, Россия.
Саудия Арабистонига келсак, 1946 йилда АҚШ ва Саудия Арабистони ўртасида тарихий келишув бўлган. Американинг ўша даврдаги президент Рузвелт (у пайтда юролмай қолган, аравачада эди) Саудия подшоҳи Абдулазиз билан Мисрда тарихий келишувга эришган, яъни Саудиянинг хавфсизлигини Америка таъминлайди, Саудияда чиқаётган нефтни Америка сотиб олади, Саудиянинг ички ишларига аралашмайди, демократия ва инсон ҳуқуқлари деб бошини оғритмайди. Шунингдек, Саудия Арабистони Исроилга тегинмаслиги керак бўлади. Мана шу келишув Саудиянинг жуда ҳам катта ўсишига, қудратли давлатлардан бири бўлишига сабабчи бўлди.
АҚШнинг нефт ишлаб чиқарувчи давлатлар билан дипломатияси – алоҳида дипломатия. Чунки совет иттифоқининг қулатилишида ҳам Саудия ва Американинг маълум бир келишувлари рол ўйнаган. Шу билан бирга, Саудия ва Америка ўртасида ҳам нефт билан боғлиқ геосиёсий инқирозлар бўлган, буни 1973 йилги воқеалар мисолида кўриш мумкин.
Рузвелт ва подшоҳ Абдулазиз ўртасидаги келишувни ҳозир қисман амалда дейиш мумкин. Саудия Арабистони ўзининг нефт бозорини анчагина диверсификация қиляпти. Лекин нефт эраси тугайдиган бўлса ёки нархи жуда ҳам тушиб кетадиган бўлса, Саудия иқтисодиётида инқироз бошланади. Масалан, Қрим аннекциясидан кейин Обама билан Саудия ўртасида Россияни жазолаш учун келишув бўлганди, натижада нефт нархи жуда ҳам тушиб кетди. Кейинчалик Саудия бир неча йил давомида нархни кўтаришга ҳаракат қилди, лекин эриша олмади, чунки қолган нефт ишлаб чиқарувчилар бозорга кўпроқ нефт чиқарди, икки ўртада Саудиянинг бюджети кўплаб даромадларга эга бўлмади”, – дейди Раббимов.
Шуҳрат Расулнинг маълумот беришича, OPEC ва OPEC+ форматларига аъзо бўлмаган 40 дан ортиқ нефт экспортёр-давлатлари бор. Улардан ташқари, ўз эҳтиёжи учун ўзи нефт ишлаб чиқарадиган давлатлар ҳам бор, масалан Ўзбекистон. OPEC'нинг асосий мақсадларидан бири – нефт экспорт қилиш салоҳиятига эга ана шу 40 дан ортиқ давлатлар билан рақобат қилиш, иложи борича дунёда нефт нархини ўзлари хоҳлаган тарзда ўйнатиш. Бошқача айтганда, олдиндан тил бириктирган ҳолда нарх белгилаш дейиш мумкин.
“OPEC ва OPEC+ форматларининг ичида ҳам ўзаро кучли рақобат кетяпти. Бир неча кун олдин Саудия Арабистони нефт вазири 1 декабрдан бошлаб кунлик нефт қазиб олишни 83 минг баррелга, йиллик нефт қазиб олишни 1 миллион баррелга кўтаришини айтди. 2020 йили, коронавирус даврида нефтга талаб кескин пасайганида нефт қазиб чиқаришни энг кўп – 30 фоизга камайтирган давлат бу – Саудия Арабистони. Бошқа бир қатор OPEC+ давлатлари – Эрон, Ироқ, Россия ўзларига берилган нефт қазиб чиқаришни камайтириш квоталарини бажармади.
2020 йили Саудия ва Россия ўртасида катта инцидент бўлган. Россиялик вазир Новак OPEC+ мажлисида квоталарни камайтиришга рози бўлмай, “бизнинг ўз сиёсатимиз бор, фалон баррелга кўпайтирамиз” дегандан кейин, Саудия Арабистони икки ой ичида нефт қазиб чиқаришни ўз тарихидаги энг максимал даражага кўтарди. Ва нефт нархи 10 долларга тушиб кетди, бир неча ой шу нарх сақланиб қолди. Мен ўшанда Facebook'даги саҳифамда уч ойга қолмасдан Россия бориб Саудияга тиз чўкади деб айтгандим, айтганимдек бўлди, шахсан Путиннинг ўзи телефон қилиб, кечирим сўради ва Новакни вазирликдан олиб ташлади. Тўғри, кейинроқ уни бош вазир ўринбосари қилиб тайинлади, лекин ўша пайтда ишдан олинганди.
Нефт қазиб чиқарувчи асосий давлатлар орасида мана шунақанги ички низолар ҳам бор. Бугунги кундаги рақобат Саудия Арабистонининг 1 декабрдан бошлаб нефт қазиб чиқаришни оширишига ва келаси йил нефт 50 долларга тушади деб прогноз беришига олиб келди. Айрим экспертлар нарх 40 долларга ҳам тушиб кетади деяпти. Сабаби Саудия Арабистони қазиб чиқаришни 30 фоизга камайтириб, бозордаги шу улушни бошқа ўйинчиларга бериб қўйганди, энди нархни тушириш орқали бозордаги йўқотган улушини тўлиқ қайтариб олмоқчи.
Саудиянинг бу бозордаги устунлиги шундаки, у ерда 1 баррел нефтнинг таннархи 20 долларга тушади. Энг кўп нефт қазиб чиқарувчи АҚШ бўлса-да, лекин у ердаги сланец нефтининг таннархи 58 доллар. Нарх 58 доллардан тушиб кетса, АҚШда нефт бизнеси билан шуғулланиш манфаатсиз бўлиб қолади. Россияда бу қизил чизиқ – 50 доллар. Демак, Саудия бемалол нархни тушириб, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш орқали бозордаги мавқейини тиклаши мумкин.
1985 йилдан 2002 йилгача арзон нефт даври бўлган. 2025 йилдан худди шунга ўхшаш давр бошланиши мумкин. Бу – ўзаро рақобат туфайли.
Бу ерда яна бир жуда муҳим тренд бор. Бу – яшил технологияларнинг ривожланаётгани. Энг муҳими шундаки, яшил энергетика технологиялари бозорида лидер – бу Хитой. Хитой қуёш панеллари орқали электр энергияси генерациясини 2030 йилга бориб 4 баробарга кўпайтирмоқчи бўляпти. Янаги йилдан бошлаб Хитойда электромобил ишлаб чиқариш ички ёнув двигателли автомобилларни ортда қолдиради. Жаҳонда нефт истеъмолининг 45 фоизи эса дизел ва бензинга тўғри келади. Мана шу иккита тренд 2025 йилдан дунёда арзон нефт даври бошланиши мумкин деган прогноз беришга асос бўляпти”, – дея тушунтиради Шуҳрат Расул.
Нефтнинг геосиёсий ва геоиқтисодий жиҳатлари ва истиқболлари ҳақида таҳлилчиларнинг фикри билан тўлиқ видео орқали танишишингиз мумкин.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
22:52 / 31.10.2024
Дунёдаги биринчи энергия ороли 3 миллионгача уйни энергия билан таъминлайди
22:49 / 28.10.2024
НАТО КХДР аскарларига қарши нима қилмоқчи?
18:21 / 28.10.2024
Пропаганда BRICS саммитидан геосиёсий «қурол» сифатида фойдаланди
19:18 / 26.10.2024