Жаҳон | 20:33 / 13.07.2021
6500
1 дақиқада ўқилади

Сувайшни тўсиб қўйган Ever Given кемаси 4 ойдан кейин ўз йўлини давом эттирди

Март охирида Сувайш каналидаги ҳаракатни тўхтатиб қўйган Ever Given контейнеровози техник кўрикдан ўтказилиб, эпикажининг бир қисми ўзгартирилгандан кейин дастлабки манзили – Роттердамга йўл олди. Кема 13 июлда Миср сув ҳудудларини тарк этди.

Фото: EPA

7 июлда кема Миср суди солган тақиқдан озод қилингандан кейин каналнинг Катта ва Кичик шўр кўллари ўртасидаги қисмидан Ўрта Ер денгизига чиққан. Шу куни канал раҳбарияти ва кемага эгалик қилувчи компания Мисрнинг Исмоилия шаҳрида сулҳ имзолаган.

Бироқ кема ўз эгасининг илтимосига кўра Порт-Саидда комплекс техник кўрикдан ўтказиш учун тўхтатилган. Текширувлар якунлангач, кема ўз йўлини давом эттирган.

Компания, шунингдек, кема экипажининг бир қатор аъзоларини, жумладан сардорни ўзгартирган.

Ever Given 23 март куни Сувайшда саёзликка ўтириб қолиб, у орқали ҳаракатни 6 кунга тўлиқ тўхтатиб қўйганди. Кемани 29 мартдагина жойидан силжитишга муваффақ бўлинган. Бу вақт ичида каналнинг икки томонидан умумий тоннажи 26 млн тоннани ташкил қилувчи 422та кемадан иборат навбат юзага келган.

Мавзуга оид