Жаҳон | 18:58 / 20.07.2021
34718
3 дақиқада ўқилади

Дунёнинг энг бой одами дунёни юқоридан кўриб қайтди

Amazon асосчиси, америкалик Жефф Безос ўз кемасида орбитага чиққан тарихдаги иккинчи миллиардерга айланди. Бир ҳафта олдин британиялик Ричард Брэнсон ҳам шахсий учоғида коинотга бориб келганди. Кейинги навбат Илон Маскда бўлиши мумкин. Шу тариқа, инсоният космик туризмга қадам қўймоқда.

Бугун, 20 июл куни дунёнинг энг бадавлат кишиси Жефф Безос ўзи асос солган Blue Origin компаниясининг New Shepherd кемасида космосга муваффақиятли парвозни амалга оширди.

АҚШнинг Техас штатида амалга ошган парвоз маҳаллий вақт билан тонг соат 09:10да (Тошкент вақти билан 18:10) бошланиб, 10 дақиқа-ю 18 сония давом этди.

Бу вақт давомида ракета тўрт киши жой олган капсулани қуйи орбитага олиб чиқди. Шундан сўнг аввалига ракета белгиланган нуқтага қайтиб қўнди, маълум муддат вазнсизлик ҳолатида бўлган капсула бироздан кейин парашют ёрдамида ерга қайтиб тушди. Ҳар иккала қўниш ҳам муваффақиятли бўлди.

Жефф Безос бу парвозни 20 йилдан ортиқроқ кутди: у Blue Origin компаниясига 2000 йилда асос солган. “Аппарат тайёр, экипаж шай ҳолатда, жамоамиз шунчаки қойилмақом. Ҳаммамиз барчаси аъло бўлишига ишончимиз комил”, – деди Безос парвоздан олдин.

Кема экипажи миллиардердан ташқари унинг укаси Марк; авиакосмик саноат фахрийси – космик парвозлар бўйича тарихдаги биринчи аёл инструктор, 82 ёшли Уолли Фанк ва нидерландиялик 18 ёшли студент Оливье Деймандан иборат бўлди. Оливьега космосга учиш чиптасини миллиардер отаси аукционда сотиб олиб берган.

Фото: CNN

Хориж ОАВлари энтузиаст-миллиардерлар ўртасида фазони забт этиш пойгаси бошланганини ёзмоқда. Бундан бор-йўғи 9 кун олдин британиялик Ричард Брэнсон ўзининг Virgin Galactic компанияси кемасида денгиз сатҳидан 90 км баландликка чиққанди, бугун Безос уни камида 10 км масофага ортда қолдирди.

Маълумот учун, Халқаро авиация федерацияси космоснинг бошланиш чегарасини денгиз сатҳидан 100 км деб ҳисоблайди, бироқ НАСА буни 80 км деб қабул қилган.

Фазога йўл олувчи миллиардерлар рўйхатини Tesla ва SpaceX компаниялари асосчиси Илон Маск ҳам тўлдириши мумкин. Ўтган йили унинг “Фалкон-9” ракетаси астронавтларни Dragon кемасида Халқаро космик станцияга олиб чиққан, бу илк хусусий парвоз сифатида тарихга кирганди.

Маскнинг ўзи ҳозирча космосга чиқмаган. У Virgin Galactic'нинг космосга яқин орада амалга оширадиган парвозларидан бири учун чиптага депозит пулини тўлаб қўйган, бу ҳақда шу ой бошида Ричард Брэнсон маълум қилганди.

Мавзуга оид