Ўзбекистон президентлиги учун номзодларни рўйхатга олиш тартиби бўйича маълумот берилди
Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоровнинг маълум қилишича, президентликка номзодлар кўрсатилиши сайловга 65 кун қолганда бошланади ва 45 кун қолганда тугайди. Сайлов кодексига кўра, Ўзбекистон президентлигига номзодлар сиёсий партияларнинг юқори органлари томонидан кўрсатилади.
«Президентликка номзодлар қачон кўрсатилишига тўхталадиган бўлсак, қонунда белгиланган муддатларга кўра, [сайлов ўтказиладиган кунга] 65 кун қолгандан бошлаб то 45 кун қолгунга қадар номзодлар кўрсатилиши керак ва сайлов кунига 35 кун қолгунгача номзодларни [Марказий сайлов комиссия томонидан] рўйхатдан ўтказиш керак.
Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан алоҳида сайловни ўтказиш бўйича тақвим-режани ҳам тасдиқлаб олдик. Тўғри, Сайлов кодексида моддама-модда ёзилганда барча жараёнларнинг муддатлари белгиланган. Лекин у қандай белгиланган? Яъни сайловга 70 кун қолганда, 60 кун қолганда деб кўрсатиб кетилган.
Энди биз сайлов кунини 24 октябрь деб белгилайдиган бўлсак, демак, шунга асосан сайлов тадбирлари тақвимдаги қайси ой, қайси кунга тўғри келишини аниқ кўрсатиб беришимиз керак. Қолаверса, тақвим-режа нафақат Марказий сайлов комиссияси, балки округ ва участка сайлов комиссиялари ҳамда бошқа давлат ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан бажариладиган тадбирларни ўзида қамраб олган. Ушбу тақвим-режа жамоатчилик учун эълон қилинади ва у танишиш учун ҳаммага очиқ бўлади», дея Баҳром Қўчқоровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
МСК аъзосининг таъкидлашича, 23 июлдан бошлаб сиёсий партиялар ўзларининг ваколатли вакиллари учун номзодларни ва улар тўғрисидаги маълумотларни Марказий сайлов комиссиясига тақдим этишлари шарт. Қонунчиликка биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сиёсий партия ўзининг ваколатли вакили рўйхатга олинганлик гувоҳномасини олгандан кейингина сайловчиларнинг имзосини тўплашга ҳақли. Бу санага қадар тўпланган имзолар ҳисобга олинмайди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда президентлик сайловлари жорий йил 24 октябрь куни бўлиб ўтади. Бугун, 23 июль куни Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловга расман старт берилди. Навбатдаги президентлик сайловларини ўтказиш учун Марказий сайлов комиссиясига 300 миллиард сўм ажратилган.
Мавзуга оид
19:31 / 06.12.2024
Руминия Конституциявий суди президентлик сайловларининг биринчи тури натижаларини бекор қилди
17:23 / 26.11.2024
Гуржистон парламенти президентлик сайлови санасини белгилади
18:37 / 17.11.2024
Ҳудудлардан сайланган сенаторлар эълон қилинди
12:46 / 08.11.2024