Ўзбекистон | 19:28 / 24.07.2021
7696
2 дақиқада ўқилади

«Қонунда дебатлар учун чекловлар йўқ» — МСК раиси президентликка номзодлар ўртасида дебатлар ташкил этилиши эҳтимоли ҳақида

Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев 2019 йили парламент сайловларида бўлгани каби 24 октябрь куни ўтказиладиган сайловда президентликка номзодлар ўртасида дебатлар ташкил этилиши масаласига тўхталди.

«Очиқлик ва шаффофликни таъминлаш учун ОАВ билан меморандум тузганмиз, қолаверса, матбуот марказимиз ҳам шу йўналишда иш олиб боради.

Дебатлар масаласига келсак, сиёсий партиялар ўз номзодларини кўрсатгандан ва рухсатнома берилгандан кейин барча номзодларга имконият яратилади. ОАВда чиқиш қилиш учун ҳам, телевидение, радио, босма нашрлар – барчасида чиқиш учун имконият берилади. Менимча, қонунда ҳам дебатлар учун чекловлар ва қаршиликлар йўқ. Бундай амалиётни қўллашга барча шароит етарли», дея Зайниддин Низомхўжаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қайд этиш керакки, 2019 йили бўлиб ўтган парлемент сайловларида турли мавзулар бўйича сиёсий дебатлар ташкил этилган, уларда Ўзбекистондаги бешта сиёсий партия раҳбарлари, вазирлар, давлат арбоблари сайловчиларни қизиқтирган кўплаб масалалар бўйича нуқтаи назарларини баён қилишган эди.

Эслатиб ўтамиз, 23 июль куни Ўзбекистонда президент сайлови кампаниясига старт берилди. Сайловчилар президентликка номзодлар кимлигини сайловга 45 кун қолгунига қадар билиб олишади. Фуқаролар ўзлари ишонган номзодларни илгари суриш имконига эга эмас. Амалдаги қонунчиликка кўра, сайловларда 5та партия – «Адолат» Социал-демократик партияси, «Миллий тикланиш» демократик партияси, Либерал демократлар партияси (ЎзЛиДеП), Халқ демократик партияси ва Экологик партия ўз номзодларини илгари суриш ҳуқуқига эга.

Мавзуга оид