Ўзбекистон | 08:21 / 31.07.2021
3173
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда тажрибасиз ҳайдовчи содир этган ЙТҲда учта машина тўқнашиб кетди. Бир киши вафот этди

Сурхондарё вилояти Шеробод туманида тажрибасиз ҳайдовчи содир этган йўл-транспорт ҳодисасида учта машина ўзаро тўқнашган. Оқибатда иккита машина ағдарилиб кетган ва бир киши вафот этган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 29 июль куни давлат аҳамиятига эга бўлган 4Р-103 автомобиль йўлининг Шеробод тумани Деҳқонариқ маҳалласи ҳудудидан ўтган 17-километрида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган.

Ҳайдовчилик гувоҳномасини олганига энди бир йил бўлган, 1998 йилда туғилган фуқаро «Кобальт» машинасини бошқариб келаётиб қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган. Натижада, аввал рўпарадан ўз йўлида ҳаракатланиб келаётган «Нексия» машинасига, сўнг «Дамас»га урилган.

Тўқнашув туфайли «Кобальт» ва «Дамас» ағдарилиб кетган. Оқибатда «Дамас» машинасида йўловчи сифатида кетаётган 68 ёшли фуқаро оғир тан жароҳатлари олиб, шифохонада вафот этган.

Дастлабки суриштирувда, 23 ёшли ҳайдовчи машина ҳайдаш ҳуқуқини берадиган гувоҳномани бир йил аввал олгани аниқланган.

Мавзуга оид