Ўзбекистон | 11:58 / 09.08.2021
2030
1 дақиқада ўқилади

Самарқандда тунги вақтда мушакбозлик уюштириб фуқароларнинг тинчлигини бузган шахсларга чора кўрилди

Самарқанд шаҳрида тунги вақтда баланд мусиқа қўйган ва мушакбозлик уюштириб фуқароларнинг тинчлигини бузган шахсларга чора кўрилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 6 августдан 7 августга ўтар кечаси ярим тунда соат 00:30ларда Самарқанд шаҳри Тимирязова кўчасида яшовчи фуқаро туғилган кунини нишонлаш мақсадида баланд мусиқа қўйган. Бундан ташқари, карантин қоидаларига зид равишда одамларни тўплаб базм уюштирган ва шу атрофда яшовчи фуқароларнинг тинчлигини бузиб мушакбозлик уюштирган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат профилактика инспекторининг эътиборини тортган ва шовқин бўлаётган хонадонга борган. Шундан сўнг карантин қоидаларини бузганлар ИИБ биносига олиб борилган ва тегишли тартибда баённома расмийлаштирилиб, уларга чора кўрилган.

Суриштирувда аниқланишича, ҳуқуқбузарлардан бири онасининг туғилган куни муносабати билан тадбир уюштирган ва унда одамларнинг тинчини бузиб салют отган.

Мавзуга оид