Ўзбекистон | 15:53 / 10.08.2021
1517
2 дақиқада ўқилади

Сенат аралашуви билан сурхондарёлик 71 ёшли онахонга шахсни тасдиқловчи ҳужжат берилди

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида яшовчи 71 ёшли онахоннинг фуқаролик паспортини ололмай юргани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат Сенат томонидан назоратга олиниб, онахоннинг муаммоси ҳал этилган. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, 1950 йилда Сурхондарё вилояти, Қумқўрғон туманида туғилган Зибайда Мирзаева 2018 йилда фуқаролик паспортини янги турдаги биометрик паспортга алмаштириш мақсадида туман ички ишлар идорасига ҳужжат топширган. ИИБ томонидан аёлга техник сабабларга кўра фуқаролик паспортини бериш рад этилган. Шундан сўнг, онахон шу вақтга қадар паспорт ололмай сарсон бўлиб юргани маълум бўлган.

Қайд этилишича, аёл масалага ойдинлик киритиш ва ўз паспортини тиклаб беришни сўраб бир неча бор туман ички ишлар бўлимига оғзаки мурожаат қилган. Лекин масала шу кунга қадар ҳал этилмаган.

Мазкур ҳолат Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан назоратга олиниб, қисқа вақт ичида ўрганилган. Натижада масала ижобий ҳал этилиб, 2021 йил 6 август куни З.Мирзаева номига Қумқўрғон тумани ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспорти (ID-карта) расмийлаштириб берилган.

Таъкидланишича, бугунги кунда фуқаро З.Мирзаеванинг оғзаки мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш чораларини кўрмаган Қумқўрғон тумани ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси ходимларига нисбатан хизмат текшируви олиб борилмоқда.

Мавзуга оид