Толиблар АҚШнинг Афғонистонда ўтиш даври ҳукумати тузиш режасига қарши чиқди
Толиблар, шунингдек, Афғонистоннинг бошқа ҳудудлари устидан назорат ўрнатилгандан кейингина Кобулни эгаллаш тўғрисида қарор қабул қилинишини билдирган.
«Толибон» ҳаракати АҚШнинг Афғонистонда ўтиш даври ҳукумати тузиш бўйича таклифини қабул қилмасликка қарор қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» агентлигига ҳаракат расмий вакили Забиҳулла Мужоҳид хабар берди.
Июль ойи охирида «Толибон» вакиллари АҚШ ва Европа давлатлари делегациялари билан учрашувда Афғонистондаги можарони тинч йўл билан ҳал этиш масаласини муҳокама қилди. Америка томони толибларга муваққат ҳукумат тузиш механизмини таклиф қилди, бу, АҚШга кўра, мамлакатда тинчликка эрта эришишга ёрдам беради.
«Бу масала ҳали кўтарилмади. Аммо, умуман олганда, биз ўтиш даври ҳукуматини қабул қилмаймиз. Бизнинг талабимиз - асосий ечим, ва уни топиш керак. Ўтиш даври ҳукуматини шакллантириш - бу бизнинг режамиз эмас», деб жавоб берди Мужоҳид толиблар АҚШ таклифини қабул қиладими, деган саволга.
Шунингдек, Мужоҳиднинг айтишича, Кобулни эгаллаш ҳақидаги қарор Афғонистоннинг бошқа ҳудудлари устидан назорат ўрнатилгандан кейингина қабул қилинади.
Аввалроқ, Британия қуролли кучлари қўшма қўмондонлигининг собиқ раҳбари Ричард Бэрронс BBC эфирида «Толибон» Афғонистонни яна терроризмнинг халқаро базасига айлантириши мумкинлигини айтиб ўтди.
9 август куни оммавий ахборот воситалари толиблар олтинчи маъмурий марказ - Саманганнинг Айбак шаҳрини ўз назоратига олгани ҳақида хабар тарқатди. Бундан олдин улар Нимроз, Жузжон, Қундуз, Сарипул ва Тахор вилоятлари пойтахтларини эгаллаб олди.