Жамият | 22:00 / 13.08.2021
12622
2 дақиқада ўқилади

Оққўрғондаги боғча тарбияланувчилари заҳарлангани юзасидан жиноий иш қўзғатилди

Бош прокуратура Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги боғчада 25 нафар бола заҳарлангани ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Маълумот учун, 2 августдан 11 августгача интоксикация синдромининг клиник кўринишлари бўлган тарбияланувчилар Тошкент педиатрия институти клиникаси, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, Тошкент 1-шаҳар юқумли касалликлар клиник шифохонаси, Тошкент вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ва Оққўрғон тумани юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган.

12 август ҳолатига кўра, 6 нафар тарбияланувчи оғир ҳолатда жонлантириш бўлимида даволанмоқда, шундан бир нафар тарбияланувчи ўпканинг сунъий нафас бериш мосламаси (ИВЛ)га уланган бўлиб, ўта оғир ҳолатда қолмоқда. Қолган 19 нафар тарбияланувчининг ҳолати ўртача оғир деб баҳоланган. Касалхонага ётқизилган тарбияланувчилардан бактериологик текширув ўтказиш учун таҳлиллар олинган ва лабораторияга юборилган.

Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-тадқиқот институти мутахассислари томонидан консилиум ўтказилиб, касалхонага ётқизилган тарбияланувчиларга клиник кўринишларига кўра ботулизм ташхисига гумон қилинган.

Оққўрғон туманида боғча тарбияланувчилари заҳарланганлиги ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид