Ўзбекистон | 13:05 / 11.09.2024
6246
3 дақиқада ўқилади

764 мингдан ортиқ янги иш ўринлари ҳисоботларга қўшиб ёзилган — Бош прокуратура

Аҳоли бандлигига қаратилган дастурлар ижроси юзасидан ўтказилган ўрганишларда 764 минг 723 та янги иш ўринлари ҳисоботларга қўшиб ёзилгани аниқланди. Бош прокуратура айбдор шахслар тегишли жавобгарликка тортилганини билдирди. Шунингдек, 4,2 миллиард сўм иш ҳақи ва нафақа пуллари талон-торож қилингани юзасидан 52 та жиноят иши қўзғатилган.

Ҳаёт Шамсуддинов

11 сентябр куни АОКАда ўтказилган брифингда Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов Бош прокурорнинг Ўзбекистон аҳолисига йўллаган мурожаатида қайд этилган масалалар ижроси юзасидан маълумот берди.

Маълум қилинишича, прокурорлар секторларидаги «Темир дафтар»га киритилган 5 мингдан зиёд оилаларга кўмак берган. Жумладан, 181 нафарининг уй-жойи таъмирланиб, 57 нафарига янги уй-жойлар қуриб берилиши таъминланди. «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган 246 минг 673 нафар хотин-қизлар ва 36 минг 687 нафар ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ташаббусларини кўллаб-қувватлашга доир ишлар давом эттирилмоқда.

«Ўтган даврда 3 минг 158 нафар ёшларнинг иш билан таъминланишида, 6 минг 277 нафарига ижарага ер ажратилишида, 1 минг 526 нафарининг тадбиркорликка жалб этилишида, 5 минг 36 нафарига ўзини ўзи банд қилишида, 4 минг 62 нафарининг касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўрганиш курсларида ўқитилишида, 9 минг 988 нафарига контракт пули тўлаб берилишида кўмаклашилди», дейилади Бош прокуратура ахборотида.

Шунингдек, аҳоли бандлигига қаратилган дастурлар юзасидан ўтказилган ўрганишларда 764 минг 723 та янги иш ўринлари ҳисоботларга қўшиб ёзилганлиги аниқланиб, айбдор шахслар тегишли жавобгарликка тортилган.

Бундан ташқари, 327 нафар ишчи-хизматчиларнинг кечиктирилган 2,3 млрд сўм иш ҳақлари ундириб берилган. Иш ҳақи ва нафақа пулларининг 4,2 млрд сўми талон-торож қилингани аниқланиб, 52 та жиноят иши қўзғатилди.

Шунингдек, тадбиркорлар ва хорижий инвесторларнинг 15 минг 650 нафарига «Тез ёрдам» тамойили асосида амалий ёрдамлар кўрсатилган: ер майдони, лицензия ва бошқа муаммоларига ечим берилган.

«Натижада, фаолият кўрсатмаётган 5 минг 755 та тадбиркорлик субъектларининг фаолияти қайта тикланиши ҳисобига 7 мингдан ортиқ иш ўринлари йўқотилишининг олди олинди», — дейилади ҳисоботда.

Олиб борилган назорат тадбирларида қонунни бузган 347 нафар шахс интизомий, 1 минг 520 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди. 1 минг 909 нафар мансабдор шахслар расман огоҳлантирилди, 196 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тикланган. Шунингдек, қўпол қонунбузилиши ҳолатлари бўйича 215 та жиноят ишлари қўзғатилиб, давлатга етказилган 35 млрд сўм ундирилди.

Мавзуга оид