Siemens оммавий ишдан бўшатишларни режалаштирмоқда
Компания бош директори бутун дунё бўйлаб Siemensʼнинг 5 мингтагача иш ўринлари қисқаришини эълон қилди.
Siemens бош директори Роланд Буш компания фаолияти яхши томонга ўзгараётганига қарамай, бутун дунё бўйлаб 5 мингтагача иш ўринлари қисқаришини эълон қилди.
Унинг сўзларига кўра, бу асосан ишлаб чиқаришни автоматлаштириш соҳасида тааллуқли. «Баъзида айрим ўзгаришларни амалга оширишга тўғри келади, чунки воқеалар ривожи биз кутганимиздек ижобий эмас», — дейди Буш.
Тўртинчи чорак ва 2024-молиявий йил натижаларига кўра, Германия концернининг даромади 20,62 миллиард евродан 20,81 миллиард еврогача ошган — бу кутилган прогнозлардан юқори. Бутун молиявий йил натижалари бўйича соф фойда 9 миллиард еврога етган — бу Германия ишлаб чиқарувчиси учун рекорд.
Бироқ тўртинчи чоракда Siemens бизнесининг асосий йўналиши бўлган ишлаб чиқаришни автоматлаштириш бўлинмасига буюртмалар ҳажми 19 фоизга қисқариб кетган, бўлинма даромади эса ўтган йилга нисбатан 46 фоизга қулаган. Компания ҳозирча айнан қанча ходим қисқартирилиши борасида якуний қарор қабул қилмаган.
Siemens — электротехника, электроника, энергетика ускуналари, транспорт, тиббий асбоб-ускуналар ва ёритиш технологиялари, шунингдек, саноат, транспорт ва алоқанинг турли соҳаларида фаолият юритувчи немис конгломерати. Бош қароргоҳи Мюнхенда жойлашган.
Аввалроқ Volkswagen компанияси Германия ҳудудида камида учта заводини ёпиши ва ўн минглаб иш ўринларини қисқартириши тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, концернда ишлашни давом этадиган ходимлар иш ҳақи 10 фоизга қисқариши ва келгуси икки йилда оширилмаслигига тайёр туриши керак.
Мавзуга оид
20:03 / 08.11.2024
Nissan савдолар тушиб кетгани туфайли минглаб ходимларини ишдан бўшатади
20:34 / 30.10.2024
Европада сунъий интеллект сабаб миллионлаб иш ўринлари хавф остида қолмоқда
13:05 / 11.09.2024
764 мингдан ортиқ янги иш ўринлари ҳисоботларга қўшиб ёзилган — Бош прокуратура
21:26 / 26.08.2024