Ўзбекистон | 14:24 / 18.08.2021
5216
2 дақиқада ўқилади

Каттақўрғон сув омборидан ноқонуний қисқичбақа овлаган шахсларга чора кўрилди

Фото: KUN.UZ

Самарқанд вилоятида жойлашган Каттақўрғон сув омборидан ноқонуний қисқичбақа овлаган шахсларга чора кўрилган. Бу ҳақда вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 18 август куни Каттақўрғон тумани Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат инспекцияси давлат инспекторлари томонидан Каттақўрғон сув омбори ҳудудларида рейд кузатув ишлари олиб борилган. Рейд давомида сув омбори ҳудудида ноқонуний тарзда қисқичбақа овлаган шахслар аниқланган.

Ҳуқуқбузарлик ҳолатини ўрганиш давомида браконьерлар томонидан овланган жами 400 дона қисқичбақанинг 91 донаси нобуд бўлгани аниқланиб, тирик ҳолда бўлган қисқичбақалар қайтадан сув омборига қўйиб юборилган.

Бундан ташқари, ҳуқуқбузар фуқаро У.A. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси 1-қисмига биноан, маъмурий жаримага тортилган. Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги 290-сон қарорига асосан, ҳуқуқбузарлар томонидан зарар миқдорлари аниқланган ва баённома расмийлаштирилган.

Мавзуга оид