Жамият | 15:27 / 30.08.2021
1939
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёдаги мактаблардан бири сифатсиз таъмирланaётгани айтилди. Вилоят прокуратураси ҳолат бўйича изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Ангор туманидаги 1-сонли умумий ўрта таълим мактабида амалга оширилаётган қурилиш ишлари сифатсиз бажарилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят прокуратураси ҳолат бўйича изоҳ берди. Унга кўра мазкур мактабда олиб борилаётган ишлар лойиҳа-смета асосида олиб борилмоқда.

Маълум қилинишича, 1-мактабда олиб борилаётган таъмирлаш ишлари Ангор тумани прокуратураси томонидан ўрганиб чиқилган. Унда аниқланишича, 1-мактабдаги таъмирлаш ишлари президентнинг 2021 йил 2 апрелдаги «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-5048-сонли қарори доирасида олиб борилмоқда.

Лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан мазкур мактабда қиймати 4 миллиард 547 миллион сўмлик ишлар бажарилиши белгиланган бўлиб, қурилиш ишлари «Намуна-Истиқболи» хусусий корхонаси томонидан амалга оширилмоқда.

Қайд этилишича, ушбу мактабнинг 1-қаватида 16 та синфхона мавжуд бўлиб, лойиҳа смета ҳужжатларига асосан синфхоналарнинг 7 тасида янгидан пол (361,8 метр квадрат) ётқизилган, 6 тасида эса (348,8 метр квадрат) мавжуд пол қисми олиниб ишлов берилган ва қайта ўрнатилган.

Бундан ташқари, мактабнинг 2-қаватида 20 та синфхона мавжуд бўлиб, лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан синфхоналарнинг 12 тасида янгидан пол (597,24 метр квадрат) ётқизилган, 8 тасида эса (591,15 метр квадрат) мавжуд пол қисми олиниб ишлов берилган ва қайта ўрнатилган.

Таъкидланишича, мазкур ишлар пудратчи ташкилот томонидан смета-лойиҳа ҳужжатлари асосида амалга оширилаётгани маълум бўлган. Ҳолат юзасидан прокурор назорати тадбирлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид