Ўзбекистон | 21:14 / 02.09.2021
18559
3 дақиқада ўқилади

Илҳом Норқулов Ўзбекистонда ислом молияси нега тўлиқ жорий этилмагани ҳақидаги саволга жавоб берди

Вазир ўринбосари буни ислом молияси тизимининг “мураккаблиги”, аҳолининг банкларга ишончи ва молиявий саводхонлик даражаси пастлиги билан изоҳлади.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов Ислом тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг Тошкентда ўтаётган йиллик йиғилиши доирасида Ўзбекистонда ислом молияси нега тўлиқ жорий этилмагани ҳақидаги саволга жавоб берди.

Илҳом Норқулов бу масала 5 йилдан буён ҳукумат кун тартибида экани, президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатларида ҳам таъкидлаб келаётганини қайд этди.

“Исломий молиялаштириш нафақат банк хизматларини ўз ичига олади, балки бу мураккаб бир тизим ҳисобланиб, ўз ёндашувини ишлаб чиқишни талаб қилади. Исломий банкларни жорий этиш имконияти ҳақида гапирадиган бўлсам, тизимнинг мураккаблигидан ташқари, фуқароларнинг тижорат банкларига ишончини ҳам ошириш зарур.

Ўзбекистонда қишлоқ жойларда исломий банк хизматларига талаб мавжуд. ИТБга аъзо бўлмаган кўплаб мамлакатларда, масалан, Люксембургда, банкнинг исломий молиялаштириш бўлимлари жорий қилинган, чунки бу банк учун қўшимча ривожланиш имкониятларини беради.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалигини исломий молиялаштириш орқали муваффақиятли ривожлантириш мумкин, бу эса қўшимча иқтисодий фойда келтиради.

Кўп йиллар давомида тижорат банкларида исломий молиялаштириш ва исломий банк хизматларини жорий этиш масаласи кўтарилиб келади. Мамлакат банк тизимида исломий молиялаштириш тизимининг қулай ишлаши учун қўшимча қонунчиликни жорий этиш зарур. Бу тартиб мижозлар учун банк хизматлари рўйхатини диверсификация қилади. Мамлакатнинг кўплаб аҳолиси исломий молиялаштириш хизматларидан фойдаланишни хоҳлайди.

Гап шундаки, мамлакат аҳолисининг молиявий саводхонлиги даражаси анча паст. Эҳтимол, одамлар оддий банк хизматлари ҳақида нимадир билишади, лекин исломий молиялаштириш ҳақида деярли маълумотга эга эмас. Бу мавзу айниқса финтех ривожланиши шароитида долзарбдир. Муайян салоҳиятни яратиш ва аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш зарур. Аҳолининг молиявий саводхонлиги ошиши билан исломий банк тизимини жорий этиш анча осонлашади”, – деди Норқулов.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил охиридаги нутқларидан бирида: “Ўзбекистонда ислом молияси хизматларини жорий қилиш вақти келди” дея таъкидлаган эди.

2021 йил апрел ойида 2335 нафар бизнес вакили ва 5 минг нафар жисмоний шахс иштирок этган сўров натижалари эълон қилинган, унда респондентларнинг 60 фоиздан ортиғи Ўзбекистонда ислом молияси тизими жорий этилишига хайрихоҳлик билдирганди.

Мавзуга оид