Ўзбекистон | 12:00 / 03.09.2021
3084
2 дақиқада ўқилади

Давлат хизматлари агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси биноси фойдаланишга топширилди

1 сентябрь куни Давлат хизматлари агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси биноси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда бошқарманинг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими Kun.uz’га хабар берди.

Иморатнинг очилиш маросимида Жўқорғи Кенгес Раисининг ўринбосари Атабек Давлетов, ДХA Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Маҳмуд Абдижалиев, Нукус шаҳар ҳокими Утемурат Панаев иштирок этган.

Янги бино 5 қаватдан иборат. Унинг биринчи қаватида Халқ қабулхонаси, иккинчи қаватида Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони жойлашган. Бинонинг қолган қаватлари ДХA Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасига тегишли.

Таъкидланишича, бошқарма томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига 576 мингдан зиёд давлат хизмати кўрсатилган. Дастлабки йилларда тадбиркорлик субъектларига 33 турдаги давлат хизмати кўрсатилган бўлса, бугунги кунга келиб бу кўрсаткич 160 дан зиёдни ташкил қилмоқда.

Қўшимча қилинишича, Амударё, Беруний, Мўйноқ, Чимбой, Қонликўл, Қўнғирот, Тахтакўпир, Бўзатов, Чимбой туманларида давлат хизматлари марказларининг замонавий бинолари фойдаланишга топширилган. Тўрткўл, Тахиатош ва Қораўзак туманларида эса йил якунига қадар янги бинолар фойдаланишга топширилади.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Бошқарманинг аввалги раҳбари Казбек Артиков ўрнига Маҳмуд Абдижалиев раҳбар этиб тайинлангани ҳақида хабар бергандик.

Мавзуга оид