Ўзбекистон | 20:25 / 08.09.2021
20408
2 дақиқада ўқилади

Жиззах вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди

Жиззах вилояти ҳокимлигида Азим Аҳмадхўжаев ўрнига вилоят ҳокимининг янги ўринбосари иш бошлади.

Нодир Баҳодирович Нурматов Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Нодир Нурматов 1979 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 2002 йилда Нью-Йорк университетининг юридик мактаби, 2005 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг бакалавр босқичини, 2007 йилда шу университетда магистратура босқичини тамомлаган.

У 2007-2014 йилларда Ташқи иқтисодий алоқалар инвестициялар ва савдо вазирлигида турли лавозимларда ишлаган, 2014-2016 йилларда вазир ёрдамчиси бўлган. 2016-2021 йилларда Ўзбекистоннинг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонасининг савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси лавозимида фаолият кўрсатган.

2021 йилнинг 7 сентябрь санасидан бошлаб “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 21-, 25-моддаларига асосан, Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари-Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилдан бери Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари-Инвестициялар ва ташқи саавдо бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Азим Аҳмадхўжаев август ойи охирида Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланганди.

Мавзуга оид