Жаҳон | 09:38 / 10.09.2021
11015
2 дақиқада ўқилади

БМТ бош котиби толиблар билан мулоқот олиб боришга чақирди

Халқаро ҳамжамият Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаган “Толибон” ҳаракати билан мулоқот олиб бориши лозим. Бу ҳақда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Agence France-Presse француз агентлигига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Фото: AFP

“Бизнинг бурчимиз – азоб-уқубат чекаётган, очарчиликдан ўлим хавф солаётган миллионлаб одамлар билан бирдам бўлиш ҳисобланади”, деб тушунтирган ўз позициясини БМТ раҳбари.

Гутерришнинг айтишича, толиблар билан музокаралар натижалари борасида бирор кафолат йўқ, бироқ Афғонистон террорчилик марказига айланмаслиги ва у ерда аёллар ҳуқуқлари поймол этилмаслиги учун бундай музокараларни олиб бориш керак. БМТ бош котиби мос шароитлар яратилса, Афғонистонга боришга тайёрлигини таъкидлаб ўтган.

Гутерриш БМТ Афғонистонда бутун афғон жамиятини ўз ичига олувчи инклюзив ҳукуматни кўришни исташини айтган. У толиблар ўзларининг жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинишларини, молиявий кўмак ҳамда санкциялар бекор қилинишини истаётганларини эслатиб ўтган.

“Бу халқаро ҳамжамиятга муайян таъсир кўрсатиш дастакларини беради”, деб айтган Гутерриш.

БМТ раҳбари Афғонистонда гуманитар соҳада оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган иқтисодий инқироздан қочиш зарурлигини айтган. Гутерриш Афғонистоннинг янги ҳукуматига санкциялар остига тушмайдиган молиявий воситалар тақдим этилиши мумкинлигини қўшимча қилган.

Мавзуга оид