Жамият | 12:02 / 12.09.2021
21823
6 дақиқада ўқилади

Суд Самарқанддаги мунозарали турар жой қурилиши масаласига нуқта қўйди — Бир можаро силсиласи

Самарқанд шаҳрида фаолият кўрсатувчи «AFROSIYOBSTROYSERVIS» МЧЖ икки йилдирки, судма-суд сарсон бўлиб келаётган эди. 4 марта судда аризаси қаноатлантирилмаган прокуратура ҳам энди вазиятга адолат кўзи билан қарайди деган ишончда.

Кўп қаватли турар жойлар қуришга ихтисослашган корхона директори Зарина Собированинг маълум қилишича, «AFROSIYOBSTROYSERVIS» МЧЖга Самарқанд шаҳар ҳокими (А.Шукуров)нинг 2015 йил 10 ноябрдаги 1428-Қ сонли қарори билан Амир Темур кўчасидаги 6-, 12-, 14- ҳамда Мирзо Улуғбек кўчасидаги 3-, 5-, 7-, 9-умумфойдаланишдаги уйларни ўз ҳисобидан бузиб кўчириш, бўшаган майдонга кўп қаватли турар жой биноси қуришга рухсат берилган.

Самарқанд шаҳрининг қоқ марказида жойлашган ушбу манзилда 51 киши яшайдиган уйларни бузиб кўчириш учун МЧЖ узоқ музокара олиб борган, шу вақтгача 8,5 млрд сўм сарфлаган. Уларнинг 17 нафарига шу жойда барпо этиладиган янги уйлардан берилиши ҳақида келишув мавжуд. Яна 14 оиланинг турар жойлари бузилишни кутиб турибди.

Бузилиб бўшатиладиган бу жойда 6та корпусдан иборат, 5 қаватли 148та квартирали турар жойлар қурилиши режалаштирилган. Зарур рухсатномалар олинган. Айни пайтда корпуслардан биттаси қуриб битказилган, яна бири қад ростламоқда.

Самарқанд шаҳар прокуратураcи шаҳар ҳокимининг қурилиш ишларини бошлашга изн берувчи 2015 йилги 1428-Қ сонли қарорини бекор қилишга кўп марта уринган. Аммо бу уринишлар бесамар кетди.

Биринчи уриниш

Самарқанд шаҳар прокуратурасининг 2020 йил 18 февралдаги №2-10676-20 сонли протестини шаҳар ҳокими ўзининг 2020 йил 25 март санасидаги 145-Қ сонли қарори билан қаноатлантириб, 2015 йилги 1428-Қ сонли қарорни бекор қилган.

Протестда қурилаётган турар жой бинолари шаҳарсозлик кодексига мос келмаслиги, маданий мерос объектлари мавжуд ҳудудда барпо этилаётгани каби важлар келтирилган.

Аммо ўзининг ҳақлигига ишонган «AFROSIYOBSTROYSERVIS» МЧЖ бу қарор устидан судга ариза киритган. Иштихон туманлараро маъмурий судининг тегишли ҳал қилув қарори билан Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2020 йил 15 мартдаги 145-Қ сонли қарори ҳақиқий эмас, деб топилган. Бу ўз-ўзидан ҳокимнинг 2015 йилдаги қарори ўз кучида қолганлигини англатади.

Иккинчи уриниш

Икки марта прокуратура 2020 йил 25 сентябрь санасида тадбиркор қурилиш ишлари олиб бораётган манзилда яшовчи фуқаролар манфаатида судга даъво аризаси киритиб, яна 2015 йилги шаҳар ҳокими қарорини бекор қилишни сўрайди.

Ҳолбуки, ушбу манзилда яшовчи фуқароларнинг аксарият қисми қурувчи билан битим тузишга эришган ва ўз уйлари бузилишига қаршилик кўрсатишмаган. Уларнинг бу хоҳиш ва истакларини ифодаловчи, шаҳар ҳокими номига ёзилган ва имзоланган аризалари ҳам бор.

2020 йил 12 ноябрда Самарқанд шаҳар маъмурий суди фуқаролар прокуратура аризасида кўрсатиб ўтилган даъводан воз кечишгани сабабли аризани кўрмасдан қолдирган.

Учинчи уриниш

Ҳали суд юқорида тилга олинган ажримни чиқармасдан, прокуратура 2020 йил 4 ноябрь куни Самарқанд шаҳар маъмурий суди раиси номига давлат ва жамият манфаатларини кўзлаб ҳокимнинг 2015 йил 1428-Қ сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисида бошқа ариза киритади.

Бу ариза турли важлар билан кейинги сурила-сурила, орадан 9 ой ўтгач Самарқанд шаҳар маъмурий судининг 12.07.2021 йилги қарори билан қаноатлантиришдан рад этилади.

Тўртинчи уриниш

Суд бу аризани қаноатлантирмагач, 10 август куни Самарқанд шаҳар прокуратураси номидан Самарқанд вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясига апелляция тартибида протест келтирилади.

Протестда қурилиш ишлари Самарқанд шаҳрининг маданий мерос объектлари қуршовида буфер зонада олиб борилаётганига урғу берилади.

Ҳудуд Самарқанд шаҳрининг буфер зонасида жойлашгани рост. Бироқ маданий мерос бошқармаси ва экспертлар кўп қаватли турар жой биноси қуриш учун монелик йўқлиги, қадимий шаҳарнинг осори-атиқаларига соя солмаслиги ҳақида аллақачон хулоса берган.

Хуллас, шаҳар прокурорининг 2021 йил 10 августдаги апелляция тартибидаги протести 26 август куни Самарқанд вилоят маъмурий судининг апелляция судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилди ва протест қаноатлантирилмади. Тадбиркорлар вазиятни синчиклаб ўрганган одил суд тўғри баҳо бериб келмоқда, деган хулосада. Айни пайтда уларнинг шаҳар прокуратурасига ҳам даъвоси йўқ.

Хулоса ўрнида

Мушоҳада қилинса, мана шу каби ҳолатларда прокуратура ва суд ёрдамида ҳокимнинг 6 йил аввалги қарорини бекор қилишдан осони йўқдек.

Аммо хусусан шу воқеада қурувчи ҳали ўз кучида бўлган ҳоким қарори асосида қурилиш ишларини бошлаган. Бу орада қурилишга, аҳоли уй-жойини бузиб кўчиришга, уларнинг вақтинчалик ижара тўловлари учун миллиардлаб маблағ сарфлаган.

Хўш, мана шундай вазиятларда ишлар тескари кетадиган бўлса, тадбиркор қурилишга сарфлаган пулларни ким қоплаб беради? Ҳоким қарори нотўғри чиқарилган, дейилган тақдирда ҳам бунинг учун нега шаҳар ҳокимлиги эмас, қурувчи айбдор бўлиши керак?

Қуриб битказилган турар жой биноси корпуси тақдири нима бўлади? Ўша ерда яшаган, уйлари бузилган оилалар тақдири-чи? Кўплаб ўринли саволлар келиб чиқмоқда.

Аслида, прокуратура ўз талабларини шаҳар ҳокими қарорини бекор қилишга эмас, лойиҳа-смета ҳужжатларини талаб даражасига келтиришга йўналтирса яхши бўлар эди. Айтайлик, ШНҚ бўйича уйлар орасидаги масофага амал қилиш, уйларнинг баландлигини назорат қилиш каби.

Қурувчилар адолат тантана қилганига ишонишади, прокуратура вазиятга одилона баҳо бериши, бешинчи уринишни амалга оширмаслигидан умид қилишмоқда ва қурилиш ишларини тезроқ ниҳоялаб, уйларни ўз эгаларига топширишни исташмоқда.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz махсус мухбири.

Мавзуга оид