Жаҳон | 22:32 / 16.09.2021
13180
2 дақиқада ўқилади

Олимлар насоссиз ва ташқи қувват манбаисиз ишловчи сунъий буйрак ишлаб чиқишди 

Фото: Kidney Project

Америкалик олимлар гуруҳи АҚШ соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Америка нефрологлар жамиятининг ҳамкорликдаги Kidney Project лойиҳаси доирасида сунъий буйрак ишлаб чиқиб, уни муваффақиятли синовдан ўтказди. Эътиборлиси, янги ишланмага аввалгиларидан фарқли ўлароқ, ташқи қувват манбаи ва насос керак бўлмайди - у организмдаги қоннинг табиий ҳаракатланишида ишлайди.

Сунъий буйрак қондан заҳарли моддаларни йўқотувчи кремний гемофильтр ва инсон буйраги ҳужайралари биореакторидан ташкил топган. 

Олимлар организмнинг биореактордаги ёт ҳужайраларга иммун таъсири муаммосини ҳам ҳал қилишган. Эндиликда имплант фойдаланувчиларига организмнинг ёт ҳужайраларга таъсирини бостириш учун иммунодепрессантлар қабул қилишга тўғри келмайди. Шунингдек, уларга қонни суюлтирувчи дорилар ҳам керак бўлмайди. Янги ишланманинг асосий афзаллиги шундаки, у насоссиз, фақатгина қоннинг табиий босимида ишлайди, яъни унга насосни ишлатиш учун талаб этиладиган батарейкалар ва бошқа қувват манбалари керак эмас. 

Янги сунъий буйрак сурункали буйрак етишмовчилигига эга одамларнинг турмуш тарзини яхшилаши мумкин. Бутун дунёда ушбу касалликдан 750 млндан кўпроқ одам азият чекади ва йилига бир миллиондан кўпроқ одам вафот этади. Ҳозирда бундай одамлар гемодиализ жараёнидан ўтиш учун ҳафтасига 3 марта шифохонага боришларига тўғри келади. 

Аввалроқ ҳам олимлар сунъий буйрак яратиш устида ишлар олиб боришган, бироқ ҳар гал организмнинг иммун жавоби, қурилманинг қулайлиги ва ишончлилиги борасида кўплаб муаммолар юзага келган. 

Мавзуга оид