Ўзбекистон | 07:45 / 20.09.2021
30528
3 дақиқада ўқилади

10 болали Умаровлар оиласи: улар бир ойда 7 нафарга кўпайди

Бундан бир ой олдин 3 нафар фарзандни вояга етказаётган, Андижон шаҳрида яшовчи Умаровлар оиласи бирданига 10 болали оилага айланди. Оила «Болалар шаҳарча»сидан 7 нафар тарбияланувчини фарзандликка олди.

Болажон оилада бўлиб улар яшаётган муҳит билан танишдик. Оила бошлиғи Фарҳодбек Умаров Миллий гвардия сафида ишлаб нафақага чиққан ва айни пайтда Андижон шаҳар «Шифокор» маҳалла фуқаролар йиғини раиси бўлиб ишлаб келади. Аёли Дилдорахон эса уй бекаси. Уч нафар фарзандни тарбиялаётган оила «Болалар шаҳарчаси»дан бир ўғил, бир қизни олиб тарбиялашни ният қилaди. Бироқ боргач, уларнинг режалари ўзгаради.

«Бир болани тарбиямизга олгач, у ердаги бошқа болалар кўзидаги мунгни кўриб, чидаб бўлмади, уларни ҳам олиб кетиш учун ҳаракатга тушдик. Оиламизга етти бола келди. Мана, бир ойдан бери биргамиз. Ҳозир бир-биримизга анча ўрганиб қолдик. Баъзида қийналаман. Бирини эркалатсам, бошқаси хафа бўлаётгандек бўлади. Тўғриси, кечалари билан ҳам кам ухлайдиган бўлиб қолдим.

Чунки масъулиятим катта. Энди мақсад аниқ – фарзандларни эл корига ярайдиган қилиб тарбиялаш. Икки ўғлим спортга қизиқади, уларга спорт анжомлари буюртма қилдим, тўгаракда шуғулланишяпти. Шунча болани боқиб тарбиялагани шароити етармикин, дейишлари мумкин. Худога шукур, 14 хона уйим бор. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси бўлишимга қарамай, тадбиркорлик қиламан, ўзимга тинчман. Фарзандларимни ҳам меҳнаткаш, ватанни севадиган қилиб тарбияламоқчиман. Инсонга берилган мол-дунё бир синов, Ўзи бизга имконият бериб қўйибди. Яратган берган неъматларни оқлашимиз керак», дейди оила бошлиғи Фарҳодбек Умаров.

Болажон оила бекаси Дилдорахон турмуш ўртоғи билан маслаҳат қилиб 7 фарзандни бағрига олганини, бешта қизга айни пайтда рўзғор тутиш, таом пишириш, оила одобларини ўргатаётганини гапириб берди.

«Болалар шаҳарча»сига бир ўғил олгани бориб, ота-она меҳрига ташна болаларни ташлаб кета олмадик. Мана, ҳозир ўн бола – саккиз қиз ва 2 ўғилнинг онасиман. Онажон деб талашиб ҳам қолишади», дейди Дилдорахон Умарова.

Оиланинг тўнғич қизи Бегойим турмушга чиққан. У Андижон тиббиёт институтининг 3 курсида ўқийди. Биз борган куни у ўқишда экан.

Эзгулик, меҳр, яхшилик уфуриб турган хонадондан кўнгилда ўзгача туйғулар уйғониб қайтдик. Дарвоқе, Андижон вилоят ҳокимлиги вакили Фурқатбек Бузруковнинг айтишича, вилоят бўйича ҳар куни юзлаб инсонлар бола асраб олиш учун мурожаат қилади. Яхши инсонлар кўпайсин.

Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбири,
Тасвирчи ва монтаж устаси – Азизбек Исмоилов.

Мавзуга оид