Ўзбекистон | 23:51 / 02.10.2021
30294
3 дақиқада ўқилади

Бухорода 5 нафар ҳокимга ҳайфсан берилди, 2 нафар ҳоким жаримага тортилди

Фото: iStock

Бухоро вилояти ҳокимининг фармойишига биноан, 5та туман ҳокимига ҳайфсан интизомий жазоси берилди, 2та туман ҳокими эса иш ҳақининг 20 фоиз миқдорида жарима тўлайдиган бўлди. Улар фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашдаги сусткашлиги учун жазоланди.

Фармойишда таъкидланишича, вилоят, туман ва шаҳарлар ҳокимликларида Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни талабларига риоя этилмаслик ҳолатларига йўл қўйилганлиги қайд этилган.

Жумладан, масъул ходимларнинг қонунчилик ҳужжатлари талабларидан етарли даражада хабардор эмаслиги, ҳокимликларда мурожаатлар билан ишлашда қонунчилик талабларига риоя қилинмаслиги ва нотўғри маълумотлар тақдим қилиш ҳолатларининг мавжудлиги, фуқаролар ҳокимлар қабулига кира олмай, уларнинг қабулини ташкил қилиб беришни сўраб давлат раҳбарига мурожаат қилаётгани, бундай сўровларнинг ҳам аксарият ҳолларда эътиборсиз қолдирилаётгани, мурожаатлар вилоят ҳокимлиги томонидан кўриб чиқиш учун устидан шикоят қилинган мансабдор шахсга юборилаётгани, мурожаатлар билан ишлашга ва муаммоларни ҳал этишга бундай ёндашув аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётгани ҳолатлари кузатилган.

Шунингдек, 2021 йилнинг 17 сентябрь куни вилоят ҳокимининг Бухоро шаҳрида ўтказган сайёр қабулида туман ва шаҳарлар ҳокимлари, секторлар раҳбарлари томонидан фуқаролар мурожаатларига эътиборсизлик билан қараётганликлари ўз тасдиғини топган.

Фармойишга кўра, вилоят ҳокими ўринбосарлари, туман ва шаҳарлар ҳокимларининг фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш борасидаги фаолияти қониқарсиз деб топилган.

Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашга эътиборсизлик билан қарагани учун қуйидагиларга ҳайфсан интизомий жазоси қўлланган:

  • Қоровулбозор тумани ҳокими А.Остонов;

  • Вобкент тумани ҳокими Ф.Умаров;

  • Когон тумани ҳокими М.Эсанов;

  • Пешку тумани ҳокими В.Қаҳҳоров;

  • Бухоро тумани ҳокими Х.Жўраев.

Бундан ташқари, Жондор тумани ҳокими С.Ҳикматов ва Шофиркон тумани ҳокими Ш.Ҳакимовга ойлик иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида жарима қўлланилган.

Бухоро шаҳри ҳокими Ж.Носиров эса қаттиқ огоҳлантирилган.

Мавзуга оид