Ўзбекистон | 11:39 / 03.10.2021
31544
3 дақиқада ўқилади

Букмекерлик билан шуғулланиш ва уни реклама қилиш қонунга зид

Сўнгги вақтларда ўзбекистонликлар ўртасида даромад олиш мақсадида спорт ўйинларига пул тикувчилар сони сезиларли даражада ортган. Ўйинда ютқазиб, уй ва мол-мулкларини сотган, жиноятга қўл урган ва ҳатто ўз жонига суиқасд қилганлар ҳақида кўплаб хабарлар тарқалмоқда.

Қонунчиликда бу борада нима дейилади?

2019 йил 4 декабрдаги “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони асосида 2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида лицензия олиш орқали букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш ва қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритиш назарда тутилди. Бироқ бунинг тартибини белгиловчи ҳукумат қарори қабул қилинмади.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига кўра, жорий йилнинг март ойига қадар Ўзбекистон ҳудудида букмекерлик ва тотализатор фаолиятини амалга ошириш учун бирон-бир хўжалик юритувчи субъектларга лицензия берилмаган. Ўзбекистонда букмекерлик компаниялари учун лицензия бериш ҳуқуқига эга Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги эса 2021 йил 1 майда тугатилган. Унинг ваколатлари Молия вазирлигига ўтказилди.

Бугунги кунда амалда бўлган қонун ҳужжатларига кўра, Ўзбекистон Республикасида қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасида қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 191-моддаси ва Жиноят кодексининг 278-моддасига асосан жавобгарликка сабаб бўлади.

Шунингдек, “Реклама тўғрисида”ги қонунга кўра, қонун ҳужжатлари билан тақиқланган маҳсулот тўғрисида ахборот тарқатиш тақиқланади. Бундан кўриниб турибдики, нафақат букмекерлик фаолияти билан шуғулланиш, балки уни реклама қилиш ҳам қонунга зиддир. Шунга қарамай, ижтимоий тармоқларда кўплаб букмекерлик компаниялари фаол реклама қилинмоқда.

Ўзбекистонда бу турдаги ўйинларни қонунийлаштириш назарда тутилмоқда. Хусусан, яқинда Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти букмекерлик фаолиятини қонун жиҳатдан тартибга солиш мақсадида қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни таклиф қилди.

Нима ҳам дердик, халқимиз, айниқса, ёшларимиз ҳаётини барбод қилиб, уларни яна ҳам камбағаллик ботқоғига ботираётган бу иллатга рухсат беришдан аввал ҳурматли халқ вакиллари – депутат ва сенаторларимиз ўзи бундай қонунга эҳтиёж бор-йўқлигини яна бир ўйлаб кўришлари керак.

Бундан ташқари, осон пул топиш илинжида юрган инсонлар ҳам бу нарсадан пул топишнинг умуман иложи йўқлигини, ютганлар ҳам аслида мағлуб эканлигини тушунишлари лозим.

Шунингдек, яқинда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ўзбекистонда ноқонуний ҳисобланган букмекерлик фаолияти билан шуғулланувчи ўндан ортиқ сайтларга киришга чеклов ўрнатилганини маълум қилди.

Мавзуга оид