Ўзбекистон | 12:20 / 08.10.2021
3776
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда ўтказилган футбол ўйинида оммавий жанжал келтириб чиқарганларга чора кўрилди

Фото: Видеодан кадр

Жорий йил 4 октябрь куни Бойсун туманида футбол бўйича 2-лига иштирокчилари «Бойсун-1975» ва «Қумқўрғон 1977» жамоалари ўртасида ўйин бўлиб ўтганди. Ўйинда «Бойсун-1975» жамоаси 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган ва футболчилар ўртасида оммавий жанжал келиб чиққанди. Вилоят футбол ассоциациясининг хабар беришича, оммавий жанжал келтириб чиқарганларга чора кўрилган.

Қайд этилишича, Бойсундаги жанжал Вилоят футбол ассоциацияси қошидаги Спорт техник комиссияси, назоратчи ҳамда ҳакамлар гуруҳи ўйинни олиб борган ҳакамлар ва назоратчилар ишини кўриб чиқиб қарор қабул қилган.

Қарорга кўра, учрашув якунида «Қумқўрғон-1977» жамоаси аъзоси Эшбоев Меҳриддин қанот ҳаками Шуҳрат Мирзаевни тепиб тажовузкор ҳаракатлари ва ҳақоратли сўзлар ишлатгани, шунингдек тартибсизликларни келтириб чиқаришда асосий сабабчи бўлгани, Аъзамов Азизжон эса ҳакамлар шаънига айтилган ҳақоратли сўзлари ва тажовузкор ҳаракатлари шунингдек тартибсизликлар келтириб чиқарганлиги учун 2021 йилги футбол мавсум якунигача ўйинлардан четлатилган.

«Қумқўрғон-1977» жамоаси бошлиғи Ж.Холтураев, Б.Холматов, Б.Тошбоевлар охирги марта огоҳлантирилган.

«Қумқўрғон-1977» жамоаси аъзолари Эшбоев Меҳриддин ва Аъзамов Азизжоннинг футболчилик лицензияси бекор қилинган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 18 сентябрь куни икки нафар футболчи Жавоҳир Эсонқулов ва Акром Хўжаев жамоа офисида «Сурхон» футбол клуби бош директори Азамат Абдураҳмонов, спорт директори Абдумажид Тоиров, футболчилар Асрор Ғофуров томонидан калтакланганини айтиб чиққанди. Шундан сўнг, ЎФА томонидан мазкур ҳолатга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан аниқлик киритилгунига қадар ЎФА томонидан «Сурхон» футбол клуби бош директори Азамат Абдураҳмонов, спорт директори Абдумажид Тоиров, футболчилар Асрор Ғофуров, Жавоҳир Эсонқулов ва Акром Ходжаев футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлаштирилганди.

Мавзуга оид