Жаҳон | 22:45 / 24.10.2021
14602
2 дақиқада ўқилади

Дубайда дунёдаги энг катта томоша ғилдираги очилди

Дубайда дунёдаги энг катта томоша ғилдираги – Ain Dubai (Дубай кўзи) очилди. 250 метрлик аттракцион сунъий орол Bluewaters’да бунёд этилган.

Фото: aindubai.com

Аттракцион директори Рональд Дрейкнинг таъкидлашича, Ain Dubai’да 48та кабина бор бўлиб, улардан ҳар бирига 40 нафаргача одам сиғади. Томоша ғилдирагида бир вақтнинг ўзида 1750 киши айланиши мумкин. Бироқ ҳозирча пандемия шароитида ижтимоий масофага амал қилиш мақсадида кабиналарга 10 нафаргача одам қўйилмоқда. Ғилдиракнинг битта тўлиқ айланиши 38 дақиқа вақт олади.

Эътиборлиси, аттракцион кабиналари ўлчами иккита ёнма-ён қўйилган икки қаватли автобусдан каттароқни ташкил қилади. Ташриф буюрувчиларга 3 турдаги кабиналар: оддий, диван ва мини-бар билан жиҳозланган ҳамда турли тадбирлар, зиёфатлар уюштиришга мўлжалланган “вип-кабиналар” таклиф қилинади.

Ғилдиракдан Дубай соҳилбўйини ва яқин орада жойлашган Пальм Жумейра оролини томоша қилиш мумкин бўлади.

Аттракцион очилиши муносабати билан кечки пайт салют ва дронлар шоуси ташкил этилган.

Ғилдиракка чипталар нархи 130 дирҳамдан бошланади.

Эътиборлиси, томоша ғилдирагига расмий очилишигача Дубай валиаҳд шаҳзодаси Ҳамдан бин Муҳаммад Ол Мактум ташриф буюриб, унинг энг баланд нуқтасига етганда кабина томига чиқиб қаҳва ичган. Бу вақтда ғилдирак бир жойда айланмай тўхтаб турган.

Smithsonian Magazine нашрига кўра, дунёдаги илк томоша ғилдираги 1893 йилда Чикагодаги Бутунжаҳон кўргазмаси учун очилган. 76 метрлик ғилдирак америкалик муҳандис қурувчи Жорж Вашингтон Гейл Феррис томонидан лойиҳаланган бўлиб, уни яратишда Париждаги машҳур Эйфел минорасига рақобатчилик қилиши мақсад қилинган.

Мавзуга оид