Ўзбекистон | 09:31 / 27.10.2021
25690
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда “Матиз” 4 кишини уриб кетган. Жабрланувчилар улардан ҳеч ким хабар олмаганини айтмоқда

15 октябр куни кечқурун Тошкентнинг Миробод тумани Янги Қўйлиқ кўчасида ҳаракатланаётиб, бошқарувни йўқотган “Матиз” йўл четида турган фуқароларни уриб кетган. Ҳолат бўйича бирор чора кўрилган-кўрилмагани ҳозирча номаълум.

Жабрланувчилардан бирининг сўзларига кўра, ЙТҲ натижасида 4 киши турли даражада тан жароҳатлари олган.

“Барча жабрланувчилар қариндошлармиз. Ўзим Тапоичга ётдим, тос суягим синган. Ҳали яна уч ой ётишим керак экан. Ўғлимнинг сон суяги ва болдири синган, неварамнинг бош суяги синган. Синглим нейрохирургияда ётибди. Унинг мияси чайқалган, тос суяги ва еттита қовурға суяги синган”, – дейди у.

Жабрланувчига кўра, шунча оғир тан жароҳатларига қарамай, улар билан ички ишлар органларидан ҳеч ким боғланмаган.

“Воқеадан кейин тез ёрдам шифохонага олиб борди. Шундан кейин “ҳей, сизларга нима бўлди?” дейдиган одамнинг ўзи йўқ. Бирорта мелиса келмади. Ҳеч ким хабар олгани йўқ. Пул билан ёпиб юборишмоқчи шекилли”, – дейди у.

Kun.uz ҳолат бўйича маълумот олиш учун ИИВ ЙҲХББ билан боғланди. Бироқ ҳозирча ҳолат суриштирилаётганидан бошқа маълумот берилмади.

Аввалроқ Kun.uz Чилонзорда Тошкент шаҳар ИИББ ходими “Кобалт” автомобилида бошқарувни йўқотиши оқибатида йўл четидаги фуқарони уриб юборгани, масъул ходимлар воқеадан бир ҳафта ўтибгина экспертиза ўтказилганини хабар қилганди.

Мавзуга оид