Жаҳон | 20:45 / 03.11.2021
4558
2 дақиқада ўқилади

Иркутскда Ан-12 самолётининг қулаши оқибатида 7 киши ҳалок бўлди

Фото: пресс-служба губернатора Иркутской области

Россиянинг Иркутск шаҳри яқинида Ан-12 юк самолёти ерга қулади ва ёниб кетди. Бунинг оқибатида экипаж аъзоларининг барчаси ҳалок бўлган. 

Самолёт Беларуснинг “Гродно” авиакомпаниясига тегишли бўлган. У Чукоткага юк ташиш билан шуғулланган. Самолёт Иркутскдан 7 км узоқликда аниқланган. Тахмин қилинишича, самолёт қўнаётган вақтда ҳалокатга учраган.

Самолёт Якутскдан Иркутскга йўналаётган бўлган ва унинг бортида 7 киши, жумладан, россиялик, беларуслик ва украиналиклар бўлган. 

Дастлабки маълумотларга кўра, самолётнинг қулашига техник носозлик ёки ёмон об-ҳаво сабаб бўлган бўлиши мумкин. Бироқ манбаларнинг хабар беришича, самолёт парвоз олдидан нормал ҳолатда бўлган ҳамда парвозолди текширувидан ўтказилган.

Маълум қилинишича, самолётдан 1968 йилдан бери фойдаланиб келинган.

“Самолёт 1968 йилдан бери, яъни 53 йилдан кўпроқ вақт ишлатиб келинган. У Тошкент механика заводида йиғилган. Самолёт дастлаб собиқ иттифоқ ҳарбий-ҳаво кучлари таркибида бўлган, у ердан Air Armenia’га, сўнгра Asia Airways’га ва охири “Гродно”га берилган”, деб маълум қилган манбалардан бири.

Таъкидланишича, ёнғин ўчирилгач, фалокат жойида 5 кишининг жасади аниқланган. Бироқ экспертизасиз улар шахсини аниқлашнинг имкони йўқ. Шунингдек, бортдаги яна 2 кишини қидириш ишлари олиб борилмоқда. 

Ан-12 маҳаллий вақт билан соат 19:45да радарлардан йўқолиб қолган.

Беларусь авиация идоралари самолёт “Гродно” авиакомпаниясига тегишли бўлганини тасдиқлаган. Бироқ компаниянинг ўзида ҳозирча воқеага изоҳ берилмаган, чунки нима юз берганини ҳали аниқ билишмайди.

Ҳалокат юзасидан тергов олиб борилмоқда.

Маълумотларга кўра, “Гродно” авиакомпанияси юк ташиш билан шуғулланади ва ўз авиапаркида биттадан Ан-30 ва Ан-32, 3 та Ан-12 ва 11 та Ан-2’га эга.

Мавзуга оид