Жамият | 15:54 / 17.11.2021
25636
2 дақиқада ўқилади

Бухорода 2 ишчини қум босиб қолди. Ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилди

Бухоро вилояти Когон шаҳрида тупроқ ўпирилиши оқибатида 2 киши ҳалок бўлди.

Фото: Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати

16 ноябрь куни Когон шаҳрида канализация қувурини ўтказиш учун қазилган чуқурда қум ўпирилиши оқибатида 2 нафар ишчи вафот этгди.

«2021 йил 16 ноябрь куни соат 14:50да Когон шаҳар «Дўстлик» МФЙ Дўстлик кўчасида «61-автокорхона» МЧЖ томонидан ер 5–6 метр чуқурликда, эни 3 метр оралиғида ковланган ҳолда 1000 миллиметрли сув қувурлари ётқизилаётган вақтда чуқурнинг чап томони ўпирилиб, икки нафар ишчини тупроқ ва қум босиб қолган», дейилади Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарида.

Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарувчилари томонидан воқеа жойида олиб борилган тезкор қидирув ишлари натижасида икки кишининг жасади тупроқ остидан олиб чиқилган.

Вилоят ИИБ расмий маълумотига кўра, улар 21 ва 22 ёшли йигитлар бўлган. 

Маълум қилинишича, канализация қувури учун ковланган чуқурлиги 4 метр бўлган ўранинг атрофидаги қум уюми ўпирилиб тушган. Оқибатда қувур ичида ишлаётган «61-сонли автокорхона» МЧЖ ишчилари, 2000 йилда туғилган А.Н. ҳамда 1999 йилда туғилган С.С. қум уюми остида қолиб кетиб, воқеа жойида вафот этган. 

Ҳалок бўлганларнинг жасадлари суд-тиббий экспертиза кўригидан ўтказилган.

Ҳолат юзасидан Бухоро вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид