Қирғизистонда айрим партиялар парламент сайловлари натижасини бекор қилдирмоқчи
Қирғизистонда бир нечта сиёсий партиялар парламент сайловлари натижалари бекор қилиниши ва сайловолди кампанияси вақтида содир этилган оммавий қоидабузарликлар тергов қилинишини талаб қилмоқда. Бу ҳақда “Интерфакс” ахборот агентлиги хабар берди.
28 ноябрда республикада парламентнинг 7-чақириғига сайловлар бўлиб ўтди. Фуқаролар 90 депутатни сайлашлари керак бўлган. Илк бор сайловлар аралаш тизим бўйича ўтган. Парламентга ўтиш учун 21 партия кураш олиб борган.
Сайловлар натижаларидан норози бўлаётганлар орасида “Шараф ва тартиб” коалициясига кирувчи “Улуттар Биримдиги” (Миллатлар бирдамлиги), Қирғизистон халқ-демократик партияси, “Ар-Намис” (Ор-Номус), “Ҳамдўстлик” ва “Қирғизистон ёш авлоди” бор. Ушбу партиялар вакилларини овоз бериш якунланиши арафасида марказий сайлов комиссиясининг марказий сервери ишида “тўсатдан ёки атайлаб” узилиш юз бергани ташвишлантирмоқда.
“Сайловлар натижалари бекор қилинишини талаб қиламиз”, деб айтилган партиялар баёнотида.
Сервер ишида юз берган узилиш сабабли баъзи партиялар тўплаган овозлар сони камайиб кетган. Носозликкача олинган натижаларга кўра, парламентга 10та партия ўтаётгани маълум бўлган. Бироқ сервер осилиб, ишламай қолгандан кейин парламентга ўтувчи партиялар сони 6 тагача қисқариб кетган.
Сиёсатчиларнинг таъкидлашича, овозлар камайиб кетиши атайлаб содир этилган жиноят аломати борлигидан дарак беради.
Шу сабабли сиёсий партиялар президент Садир Жапаровга мурожаат қилиб, ундан бош прокурорга сайловлар вақтидаги оммавий қоидабузарликларни тергов қилишни буюришни талаб қилишган.
Ўз навбатида, Қирғизистон раҳбари агар марказий сайлов комиссияси томонидан сайловлар натижалари сохталаштирилгани аниқланса, комиссиянинг барча аъзолари жавобгарликка тортилишини айтган.
“Улар бошлари билан жавоб беришади. Ҳукумат сайлов жараёнига аралашмаганидек, марказий сайлов комиссияси ишига ҳам аралашмаган”, деб айтган Жапаров.
У, шунингдек, агар сайловлар боришига аралашилган бўлса, унда комиссия буни ким содир этганини аниқ кўрсатиши лозимлигини қўшимча қилган.
Мавзуга оид
17:30
Қирғизистон Иссиқкўлни сақлаб қолиш учун қўшниларга камроқ сув бериши мумкин
22:01 / 12.11.2024
Қирғизистонда ҳокимиятни эгаллашга тайёргарлик кўрган етти киши қўлга олинди
16:44 / 11.11.2024
Саудия тараққиёт жамғармаси Қирғизистонда 38 та мактаб қуриб беради
17:21 / 06.11.2024