Ўзбекистон | 11:30 / 02.12.2021
40826
7 дақиқада ўқилади

Антимонополия қўмитаси аввалгидек эмас. Бунга раҳбар алмашгани сабабми?

Шов-шувли баёнотлари ва UzAuto Motors'га нархни пасайтириш талабини қўйгани билан жамоатчилик эътирофига сазовор бўлган Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолиятида кейинги пайтларда пассивлик кузатилмоқда.

Kun.uz мухбири антимонопол орган фаолиятидаги бундай туб бурилиш қўмита раҳбариятининг ўзгариши билан қанчалик боғлиқлигига қизиқди. Бу ҳақдаги саволга жавобан қўмита раисининг ўринбосари Фаррух Қорабоев аввалги ва ҳозирги раҳбарни шов-шувли кейслар билан солиштириш тўғри эмаслигини айтди.

“Иккита раҳбарни солиштириш, айрим шов-шувли кейслар билан фаолиятини баҳолаш нотўғри ҳисобланади. Чунки бугунги кунда ҳам қўмитамизнинг икки ярим йил ичида репутациясини шакллантирган, умуман, қўмитанинг жамоатчилик ўртасида обрў қозонишига замин яратган аксарият ходимлар шу ерда. Тўғри, айримлари турли сабабларга кўра ишдан кетди. Фақатгина қўмитанинг фаолиятини ёритиш масаласида камчилик бор.

Ҳозир ҳам айрим вазирлик-идоралар рақобатга зид қонун ҳужжатлари лойиҳаларини киритишади. Биз бу бўйича ўзимизнинг фикримизни билдирамиз, позициямизни баён қиламиз. Лекин ҳамиша ҳам буни оммага эълон қилмаймиз. Биргина 2021 йилни оладиган бўлсак, 9 ой ичида икки юздан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларининг 57 фоизида рақобатга зид нормалар аниқланган. Агар қабул қилинган ҳужжатлар билан бирга қўшиб ҳисобласак, давлат органларининг “Рақобат тўғрисида”ги қонунга зид бўлган 890та қарори бекор бўлган. Бу 2020 йилга нисбатан 2-3 баробар кўп кўрсаткич ҳисобланади”, – деди Фаррух Қорабоев.

Фото: АОКА / Фаррух Қорабоев

Гарчи Фаррух Қорабоев буни тан олмаса-да, қўмита раҳбари ўзгарганидан кейин қўмита ваколатларига бевосита дахлдор масалалар бўйича баёнотлар бериш тўхтаб қолгани рост. UzAuto Motors Captiva 5 автомобилларини сотиш фикридан қайтгани, автомобиль учун тўлов қилиб қўйган мижозларнинг пули қайтарилишини маълум қилганди.

Бунгача эса компания октябрь-ноябрь ойларида етказиб берилиши шарт бўлган Lacetti ва Labo бўйича шартномалар 2 ойга кечикиши ҳақида огоҳлантирди, сўнгра ноябр ва декабрда чиқиши керак бўлган барча турдаги автомобилларни етказиб бериш 2 ойга кечиктирилишини маълум қилди.

UzAuto Motors'нинг яримўтказгичлар танқислиги ҳақидаги важлари асосли бўлиши мумкин, бироқ рақамлар воқеликдаги бошқа бир ҳақиқатни очиб қўймоқда: ўзбекистонликлар олдиндан пулини тўлаб қўйган автомобилларини ярим йиллаб кутишга мажбур бўлаётган бир пайтда, компания хорижга автомобил экспорт қилишни 2 баробардан кўпроққа оширган. Мазкур ҳолатга эса Аксилмонополия қўмитаси ҳеч қандай реакция билдиргани йўқ.

Сентябрь ойида бўлиб ўтган матбуот анжуманида журналистлар қўмита раиси Шоҳрух Шораҳмедовдан UzAuto билан судлашувни давом эттириш эҳтимоли бор-йўқлигини сўрашганда, у қўмита томонидан компания фаолияти ўрганилаётганини таъкидлаганди.

Фото: Kun.uz / Шоҳрух Шораҳмедов

“Бу масалада суд қарори кучга киргач, биз бу қарорни ижро этишга мажбурмиз. Лекин иш тўхтаб қолмади. Компания томонидан ҳам ишлар олиб борилмоқда, хусусан, компания трансформация тўғрисида маълум қилди. Биз улар билан алоқадамиз. Ҳозирча компания биз хоҳлаган йўналишда иш олиб бормоқда. Ўзбекистонда бошқа заводлар ҳам ишга тушиши режалаштирилмоқда, машиналар импорти осонлаштирилди. Икки томонлама иш олиб борилмоқда, трансформация бошланган, иккинчидан, бошқа заводлар очилган. Биз томондан ҳам ўрганишлар олиб борилмоқда”, – деганди ўшанда раис.

Эслатиб ўтамиз, қўмитанинг аввалги раиси Нажмиддинхўжа Шарипов 2021 йилнинг мартида лавозимидан озод этилган, унинг ўрнига эса Шоҳрух Шораҳмедов тайинланганди.

2019 йили қайта тузилгандан кейинги даврда Монополияга қарши кураш қўмитаси Ўзбекистондаги энг катта монопол ташкилот – UzAuto Motors компаниясига қарши курашлари билан тилга тушганди. Бундан ташқари, қўмита “Ўзэлтехсаноат” уюшмасининг давлат божидан озод қилиниши юзасидан суд қарорига, чигитни бир вилоятдан бошқа вилоятга олиб чиқиш тақиқланишига, Орол денгизининг барча қисмини ягона давлат унитар корхонасига берилишига, “Ўзбекнефтегаз” АЖ томонидан маҳаллий нефтни қайта ишлаб чиқарувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида бензин маҳсулоти импортига акциз солиғини 5 фоиздан 20 фоизга ошириш юзасидан билдирилган таклифига қарши чиқиб, уни етарлича иқтисодий асослантирилмаган деб топганди.

Бундан ташқари, қўмита Сурхондарё вилояти ҳокимининг қарорини бекор қилган, фуқаро Отабек Нуриддиновнинг мурожаатига асосан Тошкент шаҳар хокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли корхоналар устидан ўрганишлар олиб борганди.

Қўмита ўтган йили Тошкентнинг қоқ марказидаги жой – Ucell компанияси бош офиси рўпарасида қурилаётган Tashkent Central Park'ка имтиёзлар беришга қарши чиққанди.

Нажмиддинхўжа Шарипов раҳбарлик қилган органнинг энг асосий таклифлари, афсуски, қабул қилинмай қолди. Қўмита ўтган йил ёзида ўнлаб корхоналарга берилган эксклюзив ҳуқуқлар, индивидуал солиқ ва божхона имтиёзлари, преференцияларни бекор қилиш ҳақида президент фармони лойиҳасини тайёрлаб, муҳокамага қўйганди. Лойиҳада Акфа университети, Ангрендаги шина заводи, “Ўзметкомбинат” каби ўнлаб корхоналар ҳам бор эди.

Фото: Kun.uz / Аксилмонополия қўмитаси

Раҳбар алмашганида кейин ўзгариб қолган Антимонополия қўмитаси нафақат сўнгги ҳафталарда бензин нархи масаласида сусткашлик қилди, балки Uzbekistan Airways'нинг маҳаллий рейси “техник” сабаб билан уч марта кечиктирилгани, транспорт вазири Илҳом Маҳкамов бир вақтнинг ўзида Uzbekistan Airways’га ҳам раҳбар экани хорижий авиакомпанияларга нисбатан инсофсиз рақобат муҳитини юзага келтираётгани, метрополитен фаолиятидаги кўнгилсизликлар ва бошқа бир қатор жамоатчиликка дахлдор масалаларга аралашгани йўқ.

Сўнгги ойларда Монополияга қарши курашиш қўмитасини кўплаб ходимлар тарк этган. 84 киши ишлайдиган ташкилотда айни пайтда 21та иш ўрни вакант бўлиб турибди. Ишдан кетган ходимлар қўмитага кўплаб ваколатлар берилганига қарамай асосий вазифаларини четга суриб қўйиб, бор эътиборини ҳудудлардаги рақобат муҳити бузилишига қаратаётгани, шу сабабли ойликлар яхши бўлса-да раҳбар-ходимларнинг аксарияти бошқа жойларга ўтиб кетишгани айтилганди.

Хулоса шуки, тил-жағли ташкилотга айланиб бораётган Монополияга қарши курашиш қўмитасининг фаолияти янги раҳбар қўл остида орқага кетаётгани яққол сезилмоқда. Охирги бир неча ойдан бери эса ОАВда қўмита ўрганишлари хусусида бирорта жўяли мақола ва маълумотлар берилмагани ҳам фикримизни тасдиқлайди.

Жамшид Ниёзов, журналист.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳиддин Нидо

Мавзуга оид