Жамият | 19:14 / 02.12.2021
14928
3 дақиқада ўқилади

Автобус қарама-қарши йўлда юриши мумкин, агар. . . | Йўл ҳаракати қоидалари

Kun.uz ҳайдовчилар билимини оширишга ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида “Йўл ҳаракати қоидалари” рукни остида туркум видеодарсларни тақдим этиб келмоқда. Сенат экспертлар кенгаши аъзоси Носиржон Зокиров лойиҳанинг 5-дарсида муҳим атамаларга изоҳ беради.

Болалар гуруҳини ташкилий ташиш

Болалар гуруҳини ташкилий ташишда йўналишли транспорт воситаларидан ташқари бўлган транспорт воситалари назарда тутилмоқда. Бунда автобус ва микроавтобуслар назарда тутилади. Чунки 2016 йил 1 мартдан бошлаб болаларни юк автомобилларининг юкхонасида ташиш тақиқлаб қўйилган. Бу жудаям долзарб масала эди.

Ҳозирда фақат кузатувчи назоратида, олд ва орқа томонларига таниқлик белгилари ўрнатилган ҳолда, кундуз куни яқинни ёритувчи чироқлар ёққан автобус ва микроавтобусларда болаларни ташиш мумкин.

Йўналишли транспорт воситаларига дахли бўлмаган автобусларда 8 ва ундан ортиқ болаларнинг ташкилий ташилиши – болалар гуруҳини ташкилий ташиш ҳисобланади.

Йўналишли транспорт воситалари

Йўналишли транспорт воситалари 4 турга бўлинади: автобус, трамвай, троллейбус ва йўналишли таксилар. Уларнинг ўз қатнов йўналишлари ва тўхташ жойлари, яъни бекатлари бўлади. Уларга муайян имтиёзлар берилган.

“Йўл ҳаракати қоидалари”да йўналишли транспорт воситасига қуйидагича таъриф берилган: Йўналишли транспорт воситаси – белгиланган йўналиши ва бекатлари бўлган, йўловчи ташиш учун мўлжалланган умум фойдаланишдаги транспорт воситалари (троллейбус, трамвай, автобус, йўналишли такси).

Йўналишли транспорт воситаларига тегишли айрим имтиёзлар бор. Масалан, 3.1 (Кириш тақиқланган) йўл белгиси ўрнатилиши жуда ҳам фавқулодда ҳолатни билдиради: бу йўлда ҳаракатланиш бир томонлама ташкил этилган; лекин автобус, трамвай, троллейбус ва йўналишли таксилар йўналиши шу йўлдан ўтган бўлса, ҳаракатланишлари мумкин. Шу билан бирга, бу транспорт воситалари кундузи ҳам яқинни ёритувчи чироқларини ёқиб ҳаракатланишлари керак.

Йўл бериш

“Йўл ҳаракати қоидалари”га асосан, йўл бериш – йўл ҳаракати қатнашчиларига нисбатан имтиёзи бўлган бошқа йўл ҳаракати қатнашчисининг ҳаракат йўналиши ёки тезлигини ўзгартиришга мажбур этиши мумкин бўлган ҳолларда ҳаракатни давом эттирмаслигини ёки бошламаслигини, бирор-бир манёвр бажариши мумкин эмаслигини билдирувчи талаб.

Қоидаларда имтиёз ва йўл бериш деган тушунча бор. Биринчисида ҳаракатланиб келаётган автомобил бошқа йўлда ҳаракатланаётган автомобилга нисбатан имтиёзга эга бўлади. Иккинчисини соддароқ қилиб, халақит қилмаслик деб тушунтириш мумкин. Яъни имтиёзга эга транспорт воситасининг ҳаракатига халақит қилмасдан, уларга ёки пиёдаларга йўл берган ҳолда ҳаракатни давом эттиришдир.

Мавзуга оид