Ўзбекистон | 20:23 / 09.12.2021
48164
2 дақиқада ўқилади

Бош прокуратуранинг яна бир ходими пора олгани аниқланди

Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари Бухоро вилояти прокуратураси иш юритувидаги жиноят ишини танишлари орқали тугатиб бериш эвазига 3 минг доллар олгани аниқланган.

Бош прокуратура матбуот хизмати тизимда бошланган тадбирлар доирасида яна бир ходим коррупцияга қўл ургани аниқлангани ҳақида маълумот берди.

«Бош прокуратура томонидан тизимда коррупцияга қарши курашишни кескин кучайтириш, салбий ҳолатларни тезкорлик билан аниқлашга қаратилган тадбирлар доирасида Шахсий хавфсизлик бошқармасида 71-202-08-28 рақамли ишонч телефони ташкил этилди ва Интернет ижтимоий тармоқлари орқали кенг жамоатчиликка маълум қилинди. 

Натижада олинган маълумотларга асосан, Шахсий хавфсизлик бошқармаси томонидан ўтказилган тадбирда Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган Ш.В. қариндоши Ш.Н. орқали унинг таниши А.К.нинг ишончига кириб, унга нисбатан Бухоро вилояти прокуратураси иш юритувидаги жиноят ишини танишлари орқали тугатиб беришни ваъда бериб, 27 ноябрь куни фуқаро А.К.дан 3.000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланди. 

Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан 7 декабрь куни Ш.В.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди (Фирибгарлик), 28, 211-моддаси 1-қисми (Пора бериш) ҳамда Ш.Н.га Жиноят кодексининг 212-моддаси 1-қисми (Пора олиш-беришда воситачилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди», дейилади хабарда. 

Гумонланувчи Ш.В. процессуал тартибда ушланган.

Бу борадаги ишлар давом эттирилаётгани қайд этилган.

Бундан олдинроқ, Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари 29 минг доллар билан ушлангани хабар қилинганди. 

Шундан сўнг Бош прокуратура жамоатчиликка мурожаат қилиб, ҳар бир фуқарони жамиятда, хусусан, прокуратура органларида коррупцияни таг-томири билан бартараф этишда фаол ҳамкорликка чақирганди.

Мавзуга оид