Дубай ҳукумати дунёда биринчи бўлиб иш юритишда қоғоздан воз кечди
Дубай ҳукумати иш юритишда қоғоз қўллашдан воз кечди ва дунёда биринчи бўлиб тўлиқ рақамли технологияларга ўтди. Бу ҳақда амирлик валиаҳд шаҳзодаси, Дубай ижроия кенгаши раиси Шайх Ҳамдан бин Муҳаммад Ол Мактум маълум қилди.
“Бугунги кун Дубай ҳаётининг барча жабҳаларини рақамлаштиришнинг янги даври бошлангани билан эсда қолади – биз “қоғозсиз” ҳукуматга ўтишни якунладик”, деб айтган шаҳзода ва эндиликда ҳукуматдаги барча амалиётлар ҳамда хизмат кўрсатиш фақатгина электрон технологиялар ёрдамида амалга оширилишини қўшимча қилган.
Валиаҳд шаҳзода “қоғозсиз” ҳукумат ташаббуси унинг отаси, БАА вице-президенти ва бош вазири Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум томонидан 4 йил аввал таклиф қилинганини эслатиб ўтган. Ўшанда у 2021 йилдан кейин амирлик ижрочи ташкилотлари ходимларига ҳам, давлат хизматлари истеъмолчиларига ҳам бирор-бир ҳужжатни қоғозга босиб чиқаришга эҳтиёж бўлмаслигини айтган.
“Бугунги кунда ушбу ваъда бажарилди”, деб қўшимча қилган валиаҳд шаҳзода. Эндиликда амирликнинг барча давлат муассасаларида ички ва ташқи ҳужжатлар айланиши махсус ахборот платформалари орқали электрон кўринишда амалга оширилади.
Амирликда маълум қилинишича, ушбу сервислар орқали 1,8 мингдан кўпроқ рақамли хизмат кўрсатилади. Ҳисоб-китобларга кўра, электрон ҳукумат ва ҳужжатлар айланишини рақамлаштиришга ўтиш ушбу ташаббусни амалга ошириш бошланган 2018 йилдан бери амирликка 336 млнта қоғозни тежашга имкон берган, бу эса 14 млн соат инсон меҳнати ва 1,3 млрд дирҳамни (353,8 млн доллар) ташкил қилади. Таъкидланишича, амирликда рақамли технологиялар уй-жой коммунал хизмати, полиция, судлардан тортиб соғлиқни сақлаш тизими, аэропортлар, диний, маданий ва спорт муассасаларигача бўлган барча соҳаларни қамраб олган.
Мавзуга оид
19:25 / 28.10.2024
Фото: Дубай шаҳзодаси Навоийда лочин билан тувалоқ овлади
15:31 / 26.10.2024
Дубайда дунёдаги энг ингичка осмонўпар бино қурилмоқда
18:41 / 27.09.2024
Бурж Халифа: дунёни ҳайратга солаётган осмонўпар бино
13:50 / 13.09.2024