Жаҳон | 11:39 / 16.12.2021
33187
6 дақиқада ўқилади

«Улар ватандошларимни ўлдиришмоқда» – Навальнийнинг қизи Сахаров мукофотини топшириш маросимида нималар деди?

Дарья Навальная отасининг ўрнига Андрей Сахаров номидаги мукофотни қабул қилиб олди ҳамда Путин ва Лукашенко билан келишишга ҳаракат қиладиган ЕИдаги «прагматиклар» ҳақида нутқ сўзлади.

Россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг қизи Дарья Навальная Европа Иттифоқининг отаси муносиб кўрилган Андрей Сахаров номидаги «Эркин фикр учун» мукофотини қабул қилиб олди. Бу иттифоқнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича асосий мукофоти ҳисобланади.

Jean-Francois Badias / AP / Scanpix / LETA

Европа Иттифоқи бу мукофот Алексей Навальнийга топширилиши бўйича 20 октябр куни эълон қилганди. Сиёсатчининг ўзи қамоқда бўлиб тургани учун унинг ўрнига тақдимотда қизи қатнашди. Страсбургдаги Европарламент минбарига мукофотни олгани чиққан Даша отасининг суратини ушлаб турган ҳолда нутқ қилди.

Мукофот топширилишидан аввал Дарья инглизча гапирди: «Отам учун бу мукофотни олаётганимдан хурсандман. Ўз навбатида қўрқяпман ҳам. Мен 20 ёшли талабаман, сиёсатни чуқур тушунмайман. Шу сабаб ниманидир хато айтиб қўйишдан қўрқяпман». Аммо сиёсатчининг қизи нутқини якунлагач, Европарламентдагилар уни тик туриб олқишлашди.

Отаси ва Сахаров мукофотининг бошқа лауреатлари ҳақида

«Отам Алексей Навальний ҳамон қамоқда ва бу фақат унга алоқадор нарса эмас. Сахаров мукофотининг олдинги лауреатлари қаерда? Аксари қамоқда. 2010 йилги тинчлик йўналишида Нобель мукофоти лауреати Лю Сяобо қаерда? Қамоқда ўлди. Бир нарсага ҳайронман, инсон ҳуқуқлари учун курашганларни озод қилиш шунчалик қийинми? Нега ХХI асрда уларни бутун дунёда қамоққа тиқишмоқда? Ҳатто Европада ҳам.

Ҳа, Европа буюк ва қудратли. Европарламент резолюцияси аниқ, тўғри ва адолатли, уни Буюк Британия, АҚШ, Исроил, Янги Зеландия ва бутун эркин дунё давлатлари қўллайди. Аммо отам кабилар ҳамон қамалишга ва маслакдошлари бирма-бир панжара ортига равона бўлишини жим кузатишга маҳкум», деди Дарья Навальная.

Муроса сиёсати

«Менга «Даша, сен нега бундай ўйлаётганингни тушунаман, чунки бу сенинг оилангга алоқадор, реал ҳаётда прагматик бўлиш керак», дейишади. Аммо мен ҳозир мана шу муросасозликка қаршилигимни билдирмоқчиман.

Бу Сахаров мукофоти. Андрей Сахаров эса айнан муросасиз одам бўлган. Унинг номидан диктаторлар билан муроса қилаётганлар тарих китобини варақлаб кўрмайдиларми? Бу жуда прагматик қадам бўларди. Шунда улар диктаторлар, золимларни тийиб туриш имконсиз эканини тушунган бўлардилар.

Кўплаб одамлар ҳукмронликка бутун кучи билан тармашиб олган ақлсиз уларнинг сабри эвазига ўзини муносиб тутишига ишонмоқда. Аммо бундай бўлмайди.

Авторитар ҳукуматларнинг бутун муддаоси агрессия ва янги душманлар қидиришдан иборат.

Келинг, Лукашенкога босим қилмайлик, деб у билан мулоқотни давом эттирганлар у одамларни қамашини ва биргина одамни ичидан тушириш учун самолётларни қўндиришига томошабин бўлишди, холос.

Прагматиклар «Босим қилманг, уларнинг жаҳлини чиқармаслик учун эҳтиёткор бўлишимиз керак», дейишади. Аммо диктатор эртага Европа Иттифоқи билан чегарада минглаб мигрантларни тўплаб, аёллар, болаларни чегарани бузиб киришга ундайди ва кимдир ўт отиши ёки оломонни оёққа турғазишига умид қилади», деди Навальнийнинг қизи отаси учун мукофотни қабул қилиб олар экан.

Getty Images

Путин ҳақида

«Путин билан муроса шунгача олиб келдики, у ўз рейтингини ошириш учун уруш бошлашга ҳам тайёр. Украинадаги уруш Европага қанчага тушади? Ҳеч бир муросали келишув Украинага уруш берадиган зарарнинг ва европалик сиёсатчилар бу муаммони ҳал қилиш учун сарфлаган вақтнинг ўрнини тўлдира олмайди.

Рус мухолифати етакчиларидан бири Борис Немцов Кремль яқинида орқадан отиб ўлдирилди. Мана шу вақтда прагматик муросачилар келишади-да: бу ҳолат бўйича аниқ нимадир қила олмаймиз, келинг, танқидий чиқиш қилайлик-да, мулоқотни давом эттирайлик дейди. Аммо улар тўхташмайди ва Берлинда, Британияда кейинги мухолифатчиларни ўлдиришда давом этишади. Кейин эса Европадаги омборлардан бирини портлатишади, кейин кимёвий қурол билан ўлдиришади.

Ҳозир биз мухолифатчиларни ўлдиришга бўлган муваффақиятсиз уринишлар ҳақида биламиз, холос. Амалга оширилган суиқасдлар қанча бўлган экан? Улар менинг ватандошларимни суд ва терговсиз ўлдиришмоқда. Менинг онамни ўлдирмоқчи бўлишди, отам ҳам уларнинг дастидан ўлишига сал қолди.

Ва эртага европалик полициячилар эшик дастагини ушлаб ўлиб кетмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Сиз аллақачон полиция ва хавфсизлик хизматлари учун харажатларни оширдингиз, бу оғудан ҳимояланиш учун ҳаракат қилмоқдасиз. Бу ҳаммаси прагматизмнинг оқибати», деди Дарья Навальная.

Мукофот топшириш маросимида Навальнийнинг сафдоши Леонид Волков Дарьяга ҳамроҳлик қилди / Getty Images

Алексей Навальний нимани етказишни сўрагани ҳақида

«Буни очиқ айтиш вақт келди. Прагматизм тамғаси остида иккиюзламачилик, коррупция ва бемаънилик яширилмоқда.

Отамдан унинг номидан нима деб айтишимни сўраганимда шундай деди:

Россия бу Путиннинг режими дегани эмас, уларни асло бир нарса деб ўйламанг. Россия Европанинг бир қисми ва биз унинг чинакам бўлаги бўлиш учун ҳаракат қиламиз. Аммо Европа ҳам ўзлигини эслаб, ўзига, ўз принципларига интилса яхши бўларди.

Биз Европага ғояларимиз, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва демократия орқали яқинлашамиз. Биз канцлерлари ва вазирлари Путин тизими компанияларининг директорлар кенгашига киришни орзу қиладиган ва олигархларнинг яхталарида сайр қиладиган Европага интилмаймиз», дея отасининг сўзларини келтирган Дарья Навальная.

Мавзуга оид