Ўзбекистон | 19:27 / 24.12.2021
18422
3 дақиқада ўқилади

Бухоро ва Шофиркон туман ИИБ бошлиқлари ишдан олинди, яна 14 нафар раҳбар-ходим жазоланди

24 декабрь куни Президент маслаҳатчиси Бахтиёр Исломов ва ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов иштирокида ўтказилган танқидий йиғилишда фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйган масъул ходимларга нисбатан чора кўрилган.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Бухоро вилоят ИИБ ахборот хизматининг маълум қилишича, ИИВ ишчи гуруҳи Бухоро вилоятида жиноятчиликни жиловлаш ҳамда криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда давлат раҳбари раислигида 2021 йилнинг 12 февраль куни ўтказилган ИИВ Ҳайъатининг кенгайтирилган мажлисида берилган топшириқлар ижросини таҳлил қилган. Ходимлар томонидан хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этилиши ҳолатлари ўрганилган.

Президент маслаҳатчиси Бахтиёр Исломов ва ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов раҳбарлик қилган йиғилишда раҳбар-ходимларнинг фаолияти давомида ташаббускорлиги, билим савияси, одоб-ахлоқи ҳамда хизмат интизомига риоя этиши таҳлил қилинган.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

“Фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйган 14 нафар раҳбар ва масъул ходимга нисбатан интизомий жазо қўлланди. Жумладан, Бухоро ва Шофиркон туман ИИБ бошлиқлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, вилоят ИИБ пробация бўлими бошлиғи ва Когон шаҳар ИИБ бошлиғи, Пешкў, Шофиркон, Бухоро ва Когон туманлари ИИБ бошлиқларининг ўринбосарларига интизомий чоралар кўрилди.

Шу билан бирга, намунали хизмат қилиб ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган 31 нафар ходим «Аъло хизматлари учун», «Бенуқсон хизматлари учун» кўкрак нишонлари, муддатидан олдин махсус унвонлар, эсдалик қўл соатлари ҳамда пул мукофотлари билан рағбатлантирилди”, дейилади вилоят ИИБ сайтида эълон қилинган расмий релизда.

Қайд этилишича, Бухорода аниқланган муаммоли масалалар вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳамда вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа ҳамкор ташкилотлар раҳбарлари иштирокидаги йиғилишда ҳам муҳокама қилинган. Мажлисда жиноятчиликни «маҳаллабай» жиловлаш борасида йўл қўйилган камчиликлар ва эришилган ютуқлар секторлар кесимида таҳлил қилинган.

Пўлат Бобожонов вилоятнинг шаҳар-туманларида жиноятлар муҳокамаси борасидаги камчиликларни танқид қилган. Йўл қўйилган камчиликларни қисқа муддат ичида бартараф этиш бўйича сектор раҳбарларига топшириқлар берган. Йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича вилоят ҳокими бошчилигида, аниқ режа асосида ишларни ташкил этишга келишиб олинган.

Мавзуга оид