Жамият | 11:12 / 25.12.2021
4391
2 дақиқада ўқилади

Бухорода фуқаро Қўриқлаш бошқармаси ходимини машинасида қасддан уриб кетди. Ходим вафот этган

Фото: ИИБ ахборот хизмати

20 декабрь куни Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида мудҳиш қотиллик содир этилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.

Маълум қилинишича, Миллий гвардия Бухоро вилояти бошқармаси Қўриқлаш бошқармаси сафдор ходимлари Ҳ.А. ва Н.О. 20 декабр куни Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Қумли ГТК мобил” йўналишининг 34-42 километридаги йўналишни қўриқлаш учун хизматга жалб қилинган. Соат 05:15 ларда ходимлар йўналиш қувурининг тақиқланган қисмидан ҳаракатланиб келаётган «УАЗ» машинасига тўхташ ишорасини беришган. Бироқ ҳайдовчиси, туманнинг Куйдим маҳалласида яшовчи, 1977 йилда туғилган А.А. ходимларнинг қонуний талабига бўйсунмасдан, Ҳ.А.ни қасддан уриб юбориб, воқеа жойидан қочиб кетган. Оқибатда 39 ёшли Ҳ.А. оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган.

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан Жиноят Кодексининг 97-моддаси 2-қисми «Г» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Гумон қилинувчига нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

24 декабрь куни Бухоро вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигида вилоят сектор раҳбарлари, туман сектор раҳбарлари ва мутасадди идоралар масъуллари томонидан Куйдим маҳалласида мазкур жиноят муҳокамаси ўтказилган. Муҳокамада жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинган ҳамда келгусида бу каби жиноятларнинг олдини олиш учун масъулларга аниқ кўрсатмалар берилган.

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Олдинроқ Ғиждувон туманида 46 ёшли фуқаро ўз турмуш ўртоғининг қотилига айланганди. 2021 йил 24 ноябр куни 70 ёшли фуқаро қўшнисини ўроқ билан уриб, 28 ноябр куни эса 50 ёшли фуқаро турмуш ўртоғининг жиянини пичоқлаб ўлдирганди.  

Мавзуга оид