Жамият | 14:42 / 27.12.2021
14480
9 дақиқада ўқилади

Фарғона шаҳридаги икки қурилиш: маҳалла аҳли норозилигига сабаб бўлаётган ишлар қонунийми?

Фарғона шаҳридаги кўп қаватли уйда яшовчи фуқаролар ўзлари яшаётган кўп қаватли турар жой қаршисида қурилиш меъёрларига мос келмайдиган тарзда супермаркет ҳамда 5 қаватли уй қурилаётганидан норози.

Масалага ойдинлик киритиш учун Kun.uz мухбири шаҳарнинг Фаробий ва Соҳибқирон Темур кўчаларида жойлашган мазкур ҳудудда бўлиб, аҳолининг арзига қулоқ тутди.

Қурувчилар 5 қаватга мўлжалланган турар жой биноси учун котлован қазишган. 2 қаватли маиший магазин биносининг эса аллақачон пойдевори қуриб битказилган.

Мурожаатчилар қурилиш ишлари аҳоли розилигисиз амалга оширилаётганини билдиришди.

Нозимжон Салоҳиддинов. Фото: Kun.uz​​​​​

«Домимиз ёнида қурилиш ишлари бўляпти. Бундан оилам ва барча қўшниларим норози. Сабаби бу ерга «генплан»да йўқ 5 қаватли «дом» қуриляпти. Кеча-ю кундуз техникалар ишлаб туриши оқибатида кечалари уйқу йўқ. Ҳамма ёқ чанг-тўзон.

Қурилаётган янги бино жойлашуви мен яшайдиган бинодан 10 метр ҳам чиқмайди. Қурилиш қилаётганлар бу ердаги халқнинг розилигини сўрамасдан, ўзлари хоҳлагандек иш қиляпти. Бу эса аҳоли қаршилигига сабаб бўляпти. Вилоят, шаҳар ҳокимлиги, прокуратура ходимларидан қурилишни тўхтатишларини сўраб қоламиз», — дейди Н.Салоҳиддинов.

Мафтуна Тожибоева
Фото: Kun.uz

«Қурилиш ноқонуний тарзда бўляпти. Биз яшаб турган домга қурилаётган бино зарар етказяпти. 5 қаватли турар жой қуриладиган бўлса домимизга қуёш ҳам тушмай қолади. Ҳаво айланмайди. Болаларга ўйин майдончаси йўқ. Биз бу ерда қурилиш бўлишини хоҳламаймиз. Қурилиш ишларини тўхтатиб қўйишларини сўраб вилоят ҳокимлигига чиқдик. Ҳокимият қурилиш ишларини ҳозирча тўхтатиб турибди», — деди шу манзилда истиқомат қилувчи М.Тожибоева.

Намунахон Маматёқубова
Фото: Kun.uz

«Домимиз атрофида кўплаб ноқонуний уйлар кўпайиб кетган. Рўпарамизда ҳам иккита ноқонуний бино қурилган. Лекин ҳар икки бинода ҳам асосли ҳужжат йўқ. Оила бошлиқларимиз ўша пайтда қурилишни тўхтатмоқчи бўлиб ҳаракат қилишди. Лекин у битиб бўлганди.

Энди яна ёнимизга иккита бино қурилиши бошланди. Хавфли ҳолатда чуқур ковланган, шовқин бўлади. Ҳозирча қурилиш ишларини тўхтатиб қўйишди. Лекин бино қурилиши яна давом этиши мумкин», — дейди Н.Маматёқубова.

Фуқаролардан бири бинони қураётган қурилиш ташкилоти пойдевор учун кавланган ерни кўмиб бериши кераклиги, аҳоли бу жойга дарахт экиб кўкаламзорлаштириб олишини таъкидлади.

Нигорахон Салоҳиддинова
Фото: Kun.uz

«Ёз кунларида ташқарига чиқиб ўтирамиз. Фарзандларимиз бу ерда ўйнашади. Қурилиш ишларида техникалар ишлаяпти. Агар бу ерда 5 қаватли уй қуриладиган бўлса ҳаво айланмайди.

Ҳокимиятга арз қилиб чиққан эдик. Ўша ҳудудда яшовчи аҳоли бино қурилишига рози бўлмаса — қурилиш тўхтатилади, дейишди. Қурилиш ишлари тўхтатиб қўйилди. Лекин чуқурлар шундайлигича турибди. Қазилган жой кўмиб қўйилса, ўзимиз бу жойга дарахт экиб ободонлаштириб оламиз. Янги дом қурилса, унинг «стоянка»си қаерда бўлади, билмаймиз. Болалар ўйингоҳини эса дом орқасига қурамиз дейишяпти. Биз бунга қаршимиз», — дейди Н.Салоҳиддинова.

Ҳудудга Фарғона шаҳар қурилиш бўлими бошлиғи ўринбосари Беҳзод Маҳмудов ҳамда мазкур бинони қураётган қурувчилар етиб келди. Бошлаб юборилган ва ҳозирда қурилиш ишлари тўхтатиб қўйилган бино ҳақида у қуйидагиларни сўзлаб берди.

Беҳзод Маҳмудов, Фарғона шаҳар қурилиш бўлими бошлиғи ўринбосари. Фото: Kun.uz

«Фаробий кўчасидаги кўп қаватли уйларда яшовчи фуқаролардан келган норозиликларни инобатга олган ҳолда бўлим томонидан ҳудудда ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ўрганиш натижаларига кўра, «Inter Max Stroy» МЧЖ хусусий корхонасига тегишли 240 квадрат метрдан иборат ер майдони унинг бошқа ҳудуддаги мулки бузилишга тушгани сабабли, эвазига шаҳар ҳокимининг тегишли қарорига асосан Фаробий ва Соҳибқирон Темур кўчаси кесишмасидаги ер майдони ажратилиб, икки қаватли (биринчи қават савдо-маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси, иккинчи қавати турар жой сифатида) қуришга рухсат берилган», дейди мулозим.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Мутахассиснинг айтишича, шаҳар ҳокими қароридан кейинги босқичда белгиланган тартибга мувофиқ вилоят қурилиш бош бошқармаси томонидан Архитектура режалаштириш ҳужжатлари тайёрланган. Бунга асосан ҳудудда топосъёмка, геология ишлари олиб борилган.

«Лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, Вилоят қурилиш бош бошқармасида ўтказиладиган шаҳарсозлик кенгашига лойиҳа тақдим этилган. Ваколатли органлар билан келишилган ҳолатларда тасдиқланган.

Энг охирги босқич – бизда қурилиш ишларини амалга оширишдан аввал ҳудудий назорат инспекцияси давлат рўйхатидан ўтиши керак. Қурилиш ишларини бошлаш тўғрисида хабарнома жўнатилган. Шунга асосан қурилиш ишлари олиб борилган.

Ҳозирги кунда бу ерда кўп қаватли уйларда яшовчи фуқаролардан келаётган норозиликларни инобатга олган ҳолда қурувчига қурилиш ишларини вақтинча тўхтатиб туриши, ҳужжатлари қонунийлиги қайтадан ўрганиб чиқилиши ҳақида огоҳлантириш берилиб, қурилиш ишлари вақтинча тўхтатилди», — деди Беҳзод Маҳмудов.

Бу икки қаватли супермаркет масаласида билдирилган фикрлар эди. 5 қаватли турар жой масаласида мутахассис шундай деди:

«Нигматова Шаҳноза исмли фуқарога тегишли молк-мулклар бузилишга тушгани сабабли шаҳар ҳокимининг тегишли қарори билан Фаробий кўчасидаги давлат захирасида бўлан ер майдонида 5 қаватли турар жой қуриш учун рухсат берилган.

 

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Маҳалла фаоллари ҳамда ҳудудда яшовчи фуқароларнинг розилигини олгандан сўнг қурилиш ишлари амалга оширилсин, деган банд қўйиб кетилганини инобатга олиб, ҳозирги кунда бу ерда қурилиш ишларидан норози кайфиятдаги инсонлар кўпайгани сабабли бу қурувчимизга ҳам қурилиш ишларини вақтинча тўхтатиб туриши ҳамда қурилиш ҳужжатлари қонунийлиги қайтадан кўриб чиқилишини билдириб, огоҳлантириш хати берганмиз.

Бу масалани депутатлар шаҳарсозлик кенгашигача қўйиш мақсадимиз бор. Бу ерда янги ислоҳот олиб борамиз, деб жанжаллар келиб чиқиши бизни қониқтирмайди. Комиссия хулосасидан келиб чиқиб қурилиш давом этади ёки қурилиш ишлари бутунлай тўхтатилади», — деди ҳокимият вакили.  

Фото: Kun.uz

Мутахассис ротация туфайли шу йилнинг май ойидан Фарғона шаҳрига ишга ўтгани шу сабаб ҳали лойиҳа ҳужжатлари билан тўлиқ танишмаганини айтиб ўтди. Бироқ, кимнингдир қаердадир мулки бузилган бўлса, нега унга домлар орасида ер ажратилади ва у ажратилган жойга келиб кўп қаватли уй қурмоқда?! Ахир унинг 5 қаватли турар жойи бузилмагандир?!

Қолаверса, шаҳар ҳокимининг ер ажратиш тўғрисидаги ҳар икки қарорида аввал қайсидир манзилда бузилган мулк учун эвазига ер ажратиб берилаётгани акс этмаган. Фойдаланмай ётган бўш ерлар эса аллақачон аукцион орқали харид қилиниши керак.

Фото: Kun.uz

Курувчилар эса негадир интервью беришни хоҳлашмади.

Фақат қурувчилардан бири янги қурилаётган бино учун бошқа жойдан алоҳида газ, свет ва сув учун линия тортиб келишлари ҳамда уй қурилишига қаршилик қилаётган аҳолини рози қилишларини билдирди.

Фото: Kun.uz

Шаҳарларда аҳоли сони йилдан йилга ўсмоқда. Қолаверса, қишлоқ аҳолиси орасида ҳам шаҳарда яшашга интилиш кучайган. Бу омилларнинг барчаси шаҳар марказида кўплаб турар жойлар қурилишига бош сабаб бўляпти.

Лекин аксарият ҳолатларда қурилиши режалаштирилган бино ҳудудида истиқомат қилувчи аҳоли бундай қурилишларга қарши бўлмоқда. Уйлар атрофида бўш жой қолмаётгани ҳамда қурилаётган янги бинолар аҳолига бир қанча ноқулайликлар келтириб чиқариши асосли эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Лекин, ҳар бир қилинажак амал олдидан энг аввало халқни рози қилиш мезонига амал қилиш керак эмасми?

Чиндан ҳам қурилиши рухсат берилган объектлар барча шаҳарсозлик меъёрлари жавоб берадими? Ҳокимнинг ер ажратиш тўғрисидаги қарори қонунийми? Уч қаватдан баланд уйлар орасидаги масофа белгиланган меъёрларга кўра камида 25 метр бўлиши керак. Қайси важни инобатга олиб, давлат томонидан белгилаб қўйилган меъёрлар истисно қилинмоқда?

Агар қурилиш ишларини бошлаш учун берилган ҳужжатларда ноқонунийлик аломатлари бўлса, Фарғона вилояти прокуратура органлари буни текшириб, ҳозироқ ўз хулосасини бериши керак. Зудлик билан қуриб қўйилгач, уни бузиш қийин бўлади.

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири,
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.

P.S. Материал тайёрланиш арафасида, маҳалла аҳли аввалроқ бир муддат тўхтатиб қўйилган қурилиш ишлари яна давом эттирилаётганини билдиришди.

Мавзуга оид