Ўзбекистон | 11:53 / 05.01.2022
14259
2 дақиқада ўқилади

Uzbekistan Airways Қозоғистондаги норозилик намойишлари туфайли Ақтауга парвозларни бекор қилди 

Uzbekistan Airways Ақтауга парвозлар бекор қилингани тўғрисида маълумот берди.

Фото: Kun.uz

Авиакомпания хабарига кўра, Ақтау халқаро аэропорти халқаро парвозларни қабул қилишни ва амалга оширишни ёпгани муносабати билан, 2022 йил 5 январь куни амалга оширилиши режалаштирилган HY-9725/9726 Урганч – Ақтау – Урганч йўналиши бўйича мунтазам қатновлари бекор қилинди.

Қайд этилишича, ушбу йўналиш бўйича парвозларни амалга ошириш кунлари ҳақидаги қўшимча маълумот кейинроқ тақдим этилади.

Йўловчилар 5 январь кунига Ақтауга бекор бўлган парвозлар авиачипталарининг тўлиқ қийматини чипта сотиб олинган жойда қайтариб олишлари ёки бошқа санага бепул қайта бронлаш ҳуқуқига эга экани эслатилган.

Аввалроқ, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Манғистау вилояти ва Олмаотада фавқулодда ҳолат жорий қилгани маълум бўлган эди. Фавқулодда ҳолат маҳаллий вақт билан 5 январь соат 01:30 дан 19 январга қадар амал қилади. 

Қозоғистон ғарбида автогаз нархининг ошиши муносабати билан норозилик намойишлари бошланди, намойишлар нархларни пасайтириш ваъдасидан кейин мамлакатнинг бошқа ҳудудларини ҳам қамраб олди. 1 январь куни газ нархи 60 тенгедан 120 тенгега кўтарилди. Икки кунлик митинглардан сўнг Манғистау вилоятидаги ёнилғи қуйиш шохобчалари эгалари нархни 80-90 тенгега туширди, бироқ намойишчилар буни етарли эмас деб ҳисобламоқда. 

Мавзуга оид