Ўзбекистон | 22:49 / 05.11.2024
4918
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдан Ню-Йоркка учган самолёт икки марта фавқулодда қўнишни амалга оширди

Биринчи парвозда ушбу рейс россиялик йўловчи ўзини ёмон ҳис қилгани сабабли Тошкент аэропортига қайтиб келган, иккинчи парвозда эса ҳомиладор йўловчи сабабли Канада аэропортига қўнишга мажбур бўлган.

Фото: U. J. Alexander / IMAGO

5 ноябр куни Тошкентдан Ню-Йоркка жўнаб кетган HY101 рейси парвоз пайтида ҳаво кемасининг командири қатновдаги ҳомиладор йўловчида эрта тўлғоқ бошлангани сабабли самолётни Goose Bay (Канада) захира аэропортига қўндиришга қарор қилди. Бу ҳақда Uzbekistan Airways матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Тошкент вақти билан соат 20:50 да самолёт аэропортга қўнган, бортга тиббий ходимлар чиқиб, йўловчини госпитализация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

«Ҳаво кемаси Ню-Йоркка келиш вақти ҳақида қўшимча маълумот берамиз», — дейилади хабарда.

HY101 рейси Тошкентдан Ню-Йоркка жадвал бўйича соат 06:47 да учиб кетган эди. Парвоз давомида ҳаво кемаси командири 1967 йилда туғилган, Россия фуқароси бўлган йўловчининг ўзини ёмон ҳис қилгани сабабли учиб кетиш аэропортига қайтишни сўраган. Соат 07:35 да ҳаво кемаси Тошкент халқаро аэропортига келиб қўнган, у ерда йўловчини кутиб турган тиббий ёрдам машинаси орқали тиббий муассасага жўнатилган эди.

HY101 рейсининг Тошкентдан учиш вақти 09:30 (Тошкент вақти билан), Ню-Йоркка етиб бориш вақти 12:30 (Ню-Йорк вақти билан) белгиланганди.

Мавзуга оид